date

Японияда Такаити даври бошланмоқдами? Янги иттифоқ эълон қилинди

Японияда Такаити даври бошланмоқдами? Янги иттифоқ эълон қилинди

Япония сиёсий майдонида янги бурилиш рўй берди — мамлакатдаги етакчи Либерал-демократик партия (ЛДП) ва Япония Инновация партияси 20 октябрь куни коалиция тузганини расман эълон қилди, деб ёзди bbc.com.

Инновация партияси ҳамраиси Хирофуми Ёсимура баёнот вақтида шундай деди:
«Биз Японияни биргаликда олдинга ҳаракатлантирмоқчимиз. Бу иттифоқ мамлакат учун янги имкониятлар эшигини очади».

Шу билан, Японияда 26 йил давом этган сиёсий анъана ўзгарди. Илгари ЛДП буддистлар ташкилоти — «Комэйто» партияси билан бирга ҳукмронлик қилиб келганди. Бироқ партия раҳбарлигида Санаэ Такаитининг сайланиши билан «Комэйто» ҳукумат таркибидан чиқиш қарорини қабул қилди.

ЛДП раҳбарлигига сайловлар ва янги коалиция тузилиши ўртасидаги икки ҳафта мамлакат сиёсий ҳаётида кутилган бурилиш даври бўлди. Такаити Япония тарихида биринчи аёл бош вазир бўлиши мумкинлиги билан алоҳида эътибор марказида бўлди.

Инновация партияси билан тузилган иттифоқ Такаитининг ғалабасини таъминлади. Бироқ янги коалиция парламентда кўпчиликни қўлга киритиш учун ҳозирча икки ўрин етишмайди. Шу сабабли, ҳукумат фаолиятида маълум қийинчиликлар бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Kyodo агентлиги маълумотларига кўра, Инновация партияси вакиллари ҳозирча янги ҳукумат таркибига қўшилмасликни маъқул кўрган.

Санаэ Такаити — Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг шогирди, шунингдек, Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тэтчернинг сиёсий қарашларига юқори ҳурмат билан қарайди.

Associated Pressнинг ёзишича, Такаитининг бош вазирлик лавозимига келиши Японияда гендер тенглиги борасида қадам сифатида қабул қилинмаяпти. Кўплаб феминистлар унинг айрим қарашларини консерватив деб баҳоламоқда.

У, жумладан, аёлларга никоҳдан кейин ўз фамилиясини сақлаб қолишга рухсат беришга қарши. Япония қонунчилигига кўра, турмуш қурган жуфтликлар ягона фамилияни танлаши шарт. Такаити шунингдек, аёлларни Хризантема тахти ворислиги рўйхатига киритиш ғоясини ҳам қўллаб-қувватламайди.

Японияда янги коалициянинг тузилиши нафақат сиёсий, балки маданий бурилиш сифатида ҳам баҳоланмоқда. Такаити раҳбарлиги мамлакат учун янги сиёсий босқич бошланишининг белгиси бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда Такаити даври бошланмоқдами? Янги иттифоқ эълон қилинди