date

Европа икки ўт орасида: Будапешт саммити арафасида Путин самолёти атрофида сиёсий бўрон

Европа икки ўт орасида: Будапешт саммити арафасида Путин самолёти атрофида сиёсий бўрон

Европа сиёсий саҳнасида ёмғир олдиданги шовқин – Будапештда ўтказилиши режалаштирилган Путин ва Трамп учрашуви арафасида ҳаво кескинлашди. Аввалига бу ташриф “тинчлик саммити” сифатида эълон қилинган бўлса-да, кейинчалик у геосиёсий қарама-қаршилик марказига айланди, деб хабар берди Topnews.

Дастлаб Европа Иттифоқи давлатлари Россия президентининг 1-сонли самолётига ўз ҳаво ҳудудидан ўтиш учун рухсат берди. Аммо кейин вазият тез ўзгарди — айрим давлатлар норозилик билдиришни бошлади. Германия ва Польшада бу ташриф хавфли деб баҳоланмоқда. Ҳатто баъзи таҳлилчилар Россия раҳбари ҳавода бўлган вақтда провокация ёки тўқнашув эҳтимолини ҳам тилга олмоқда.

Полшада айрим сиёсатчилар Путин самолёти устидан парвозни тўхтатиш ёки уни мажбуран қўндириш ҳақида гапирди. Собиқ бош вазир Валдемар Павляк “Россия раҳбарини Халқаро жиноий суд ордери асосида ҳибсга олиш керак”, деган фикрни билдирди.

Болгария эса аксинча — ҳаво йўлагини тақдим этишга тайёрлигини билдирган ягона давлат сифатида тилга олинди. Аммо бу қарор ҳам ҳали ҳар қандай дақиқада ўзгартирилиши мумкин.

Айни пайтда Лондонда 30 га яқин давлат вакиллари йиғилмоқда. Улар “хоҳловчилар коалицияси” деб аталган йиғилишда Россия самолётининг Европа осмони орқали парвозига рухсат бериш ёки тақиқлаш масаласини муҳокама қилади. Бу учрашувда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этади — у учун Трамп ва Путиннинг эҳтимолий мулоқоти шахсий сиёсий муаммога айланган.

Европа ОАВ хабарига кўра, ёпиқ эшиклар ортида “муқобил сценарийлар” — жумладан, ҳаводаги ҳодиса эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда. Айрим манбалар Буюк Британияни эҳтимолий провокация маркази сифатида кўрсатмоқда.

Эстония собиқ бош вазири ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Кая Каллас Путиннинг Венгрияга ташрифини “ёқимсиз ҳолат” деб атади. Унинг сўзларига кўра, “Халқаро жиноий суд ордери берилган шахснинг Европа мамлакатларидан бирида қабул қилиниши – бу ёмон сигнал”. Каллас музокаралар фақат Москвага босим кучайтирилган ва Киевнинг мажбурий иштироки билан маънога эга бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Россиялик эксперт Андрей Безруков эса бундан ҳам жиддийроқ огоҳлантириш берди. Унинг фикрича, “бу ташриф хавфли, чунки у ерда ҳам, ҳавода ҳам таҳдид мавжуд. Болгария ёрдам беришни айтган бўлса-да, парвоз НАТО ҳаво мудофаа тизимлари ҳудудидан ўтишига тўғри келади”.

Бу огоҳлантириш Европадаги хавотирни янада кучайтирди. Чунки НАТО тизимидаги ҳар бир ҳаракат назоратда ва ҳар бир хатолик катта сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шундай шароитда Путиннинг Будапештга парвози фақат дипломатик ташриф эмас, балки хавфли сиёсий қадамга айланмоқда. Европа давлатлари икки ўт орасида қолган:

  • бир томонда — тинчлик ташаббуси сифатидаги мулоқот имконияти,
  • иккинчи томонда — Россия билан муносабатларни янада кескинлаштириш хавфи.

Брюсселда бу учрашув “Европа учун синов” сифатида баҳоланмоқда. Бир қарор — Трамп билан узоқ муносабатларни бузиши, бошқа қарор — Москва билан муваққат “ишонч” кўриниши орқали Европа сиёсатининг иккиюзламачилик айбловларига сабаб бўлиши мумкин.

Трамп ва Путиннинг учрашуви расман Украинада тинчлик учун қадам сифатида кўрсатилган бўлса-да, амалда у АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО манфаатлари кесишган нуқтадаги энг хавфли геосиёсий ўйинга айланиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа икки ўт орасида: Будапешт саммити арафасида Путин самолёти атрофида сиёсий бўрон