Америка сиёсий саҳнаси яна шов-шувга тўлди — бу сафар сабаб жуда оддий, аммо рамзий нарса бўлди: Ҳарбий вазир Пит Ҳегсетнинг галстуги. Доналд Трамп ва Владимир Зеленскийнинг 17 октябрдаги учрашувида вазир таққан галстукнинг ранги журналистлар орасида катта тортишувга сабаб бўлди, деб хабар берди “HuffPost”.
Ҳегсет тадбирда оқ, кўк ва қизил ранглардан иборат галстук таққан. Бу ранглар Америка байроғида ҳам бор, аммо унинг галстугидаги кетма-кетлик айнан Россия байроғига мос келгани диққатни тортди.
HuffPost журналисти Эс Ви Дейт бу ҳолатни Пентагондан изоҳлашни сўради. У Ҳегсет бундай ранг танлови учун Россиядан мақтов эшитган-эшитмаганини ва аввал ҳам шундай галстук таққан-тақмаганини аниқлашга уринди.
Аммо саволга жавоб ўрнида у АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Шон Парнеллдан кескин ва ҳақоратомуз муносабат олди:
«Бу галстукни онанг сотиб олган. Бу ҳақиқий Америка галстуги, аҳмоқ», – деди у журналистга.
Бундан сўнг журналист Ҳегсет АҚШ байроғи рамзларини кийимда ишлатиш тақиқланиши ҳақидаги кодексдан хабардорми-йўқми, деб сўради.
Бу сафар Пентагон матбуот котиби Кингсли Уилсон шарҳ берди:
«Агар юртини севиш ва рамзлардан фахрланиш HuffPost каби сўл блогларча “жиноят” саналса, демак вазир Ҳегсет айбдор. У ҳақиқий ватанпарвар, мамлакат ва байроқни юракдан севувчи инсон», – деди у.
HuffPost’нинг бу саволлари фақат галстук атрофида эмас, Трамп маъмурияти билан ҳам янги тортишувга сабаб бўлди.
Нашр аввалроқ Будапештда ўтказилиши режалаштирилаётган Трамп ва Путин учрашуви ҳақида изоҳ сўраб Оқ уйга мурожаат қилганди. Жавоб эса яна ҳазил ва таҳқир шаклида бўлди:
«Буни сенинг онаинг қилган», – деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт.
Америка ОАВларда бу ҳолат “жиддий сиёсий саволларга шахсий ҳақоратлар билан жавоб қайтариш” тенденцияси деб баҳоланмоқда. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Трамп маъмурияти яқиндагина қайта ишга тушган коммуникация услуби орқали “сўл журналистикага қарши кураш”ни бошлаган.
Шу билан бирга, Ҳегсетнинг “ватанпарвар галстуги” атрофидаги жанжал мамлакатдаги сиёсий бўлинишни янада очиқ намоён қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!