Ҳиндистонда кутилмаган ҳолат қайд этилди. Президент Драупади Мурмуни олиб кетаётган вертолёт Керала штатида қўниш пайтида хавфли вазиятга тушиб қолди, деб хабар берди The Times of India.
Маълумотларга кўра, президентнинг расмий сафар доирасидаги ташрифи чоғида Прамадам стадиони ҳудудида вертолёт қўнганидан сўнг қўниш майдонининг бетон қисми чўка бошлаган. Бу ҳолат бир фурсатда барча эътиборни ўзига қаратган — учувчилар ва хавфсизлик хизматлари тезкор ҳаракат қилган.
Гувоҳлар сўзларига қараганда, қўниш пайтида ҳеч қандай кучли зарба ёки портлаш бўлмаган, аммо бетоннинг чўкиши сабабли аппарат қисман бир томонга оғган. Шу заҳоти полиция, ёнғин хавфсизлиги ва техник хизмат ходимлари воқеа жойига етиб келган. Улар вертолётни эҳтимолий хавф зонасидан чиқариб, хавфсиз ҳудудга кўчиришга муваффақ бўлишган.
Расмий маълумотда таъкидланишича, Драупади Мурму Кералага тўрт кунлик ташриф билан 21 октябрь куни келган эди. Унинг сафар дастури доирасида бир неча муҳим учрашувлар ва Сабарамала ибодатхонасига бориш режалаштирилган.
Хушбахтлик билан айтиш мумкинки, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган, шу жумладан президент ҳам ўзини яхши ҳис этмоқда. Вертолётга ҳам катта зарар етмагани маълум қилинди.
Ҳозирда мутахассислар майдондаги бетоннинг нега чўкиб тушганини аниқлаш учун текширув ўтказмоқда. Айрим манбалар буни яқинда ёмғирлар оқибатида ер намлиги ошгани билан боғламоқда.
Бу воқеа Ҳиндистонда хавфсизлик стандартларига яна бир бор эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Президентнинг штати бўйлаб сафари режа бўйича давом этмоқда, у эса ўз вазифаларини одатдагидек бажаришни давом эттирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!