10:58 / 30.12.2016
5 879

Кетаётган Обамадан “сюрприз”: Россияга қарши санкциялар ва дипломатларнинг чиқариб юборилиши

Кетаётган Обамадан “сюрприз”: Россияга қарши санкциялар ва дипломатларнинг чиқариб юборилиши

АҚШ ҳукумати пайшанба куни бир қатор Россия фуқаролари ва компанияларига қарши санкциялар киритилиши ҳақида маълум қилди. Улар Америка сиёсий институтларига киберҳужумларни амалга оширганликда айбланди, дейилади Кун.уз сайти.

Бундан ташқари, Вашингтон мамлакатдан 35 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборади. Улар разведка фаолиятини олиб борганликда айбланди. Шунингдек, АҚШ ҳудудида Россиянинг иккита дипломатик идораси ҳам ёпилмоқда. Бундан ташқари, Вашингтон Москвани Россияда ишловчи америкалик дипломатлар ва ташкилотларни таъқиб қилишда ҳам айблаган.

Кремлда эса бундай хатти-ҳаракатларни “уч ҳафтадан сўнг кетаётган кишиларнинг тажовузкор акти”, шунингдек АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг янги маъмуриятига зарар етказишга уриниш, деб баҳолашган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва тегишли тартибда жавоб чораларини қўллаши, бироқ бу борада шошмаслиги ҳақида маълум қилди.

Сўнгги ойларда Россиянинг АҚШдаги сайловларга электрон тизимларни бузиб кириш орқали таъсир кўрсатгани борасидаги айбловлар бир қатор америкалик амалдорлар ва турли даражадаги сиёсатчилар томонидан кенг муҳокама қилинди. АҚШ разведка ҳамжамияти расмий вакиллари сайловлар тизимларига уюштирилган киберҳужумлар ортида россиялик хакерлар тургани ҳақида маълум қилишди. Кейинчалик МРБ (Марказий разведка бошқармаси) Россияни Демократик партия серверларини бузиб киришда айблади. Бу Дональд Трампга сайловларда ғалаба қозонишга ёрдам бериш мақсадида амалга оширилгани айтилган.

Президент Барак Обама эса декабрда лавозимидан кетишидан аввал бу борадаги исботларнинг бир қисмини тақдим этиши ҳамда санкциялар киритишга ваъда берганди.

Пайшанба куни чоп этилган санкциялар рўйхатида Россия бош разведка бошқармаси раҳбари Игорь Коробов, биринчи ўринбосарлари Владимир Алексеев ва Игорь Костюков, ўринбосари Сергей Гизунов бор. Ноябрда эса россиялик Алексей Белан ФҚБ (Федерал қидирувлар бюроси) томонидан кибержиноятлари учун қидирувда бўлган шахслар рўйхатига киритилганди.

Шунингдек, Россиянинг бешта маҳкамасига нисбатан санкциялар киритилди – Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ), Россия қуролли кучлари бош штаби бош разведка бошқармаси (ГРУ), “Маълумотларни яратиш ва қайта ишлаш профессионал ассоциацияси”, “Махсус технологиялар маркази” ва маълумотларни ҳимоя қилиш шуғулланувчи “ЦОР Секьюрити” компанияси.

Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати қарорига кўра Вашингтон ва Сан-Францискода бўлган 35 россиялик дипломатга мамлакатни 72 соат ичида тарк этишлари белгилаб қўйилди. Обама уларни “жосуслар” деб атаган бўлса, давлат департаменти “уларнинг ҳаракатлари дипломатик ёки консуллик мақомига эга эмас”лигини маълум қилди.

АҚШ ФҚБ ва ички хавфсизлик вазирлиги Америка партияларидан бирининг серверларига уюштирилган киберҳужумлар ҳақида ҳисобот тақдим этишди. Бу ҳолат президентлик сайловлари вақтида юз берган ҳамда уларда россиялик фуқаролар ва маҳкамаларни айблашмоқда. Айнан қайси сиёсий партия серверлари бузиб кирилгани маълум қилинмаган. Шунингдек, АҚШ ҳукумати маълумотларига кўра, хакерлар 2015 йилда тахминан минг кишига (улар орасида АҚШ расмий шахслари ҳам бўлган) зарарли кодга эга мактублар жўнатишган. Бунинг оқибатида хакерлар тизимга киришга муваффақ бўлишган, дейилади ҳисоботда.

Обама эса Россияга қарши санкциялар “АҚШдаги сайловларга аралашгани” учун киритилганини маълум қилди. Шунингдек, у “АҚШ дипломатларига бўлган босим” ҳақида ҳам гапирган. Москва бу айбловларни рад этмоқда.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия бу айбловларга кескин қўшилмаслигини маълум қилди.

“Биз бундай қарорлар ва санкцияларни асоссиз, деб ҳисоблаймиз ҳамда улар халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонунийдир. Бундай ҳаракатлар муносабатларнинг кескин ёмонлашувига олиб келади. Бу кутилмаган тажовузкорлик ҳаракати”, - деди у.

Песковнинг қўшимча қилишича, “жавоб чоралари Америка томонига жиддий ноқулайлик келтириб чиқариши аниқ”.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кетаётган Обамадан “сюрприз”: Россияга қарши санкциялар ва дипломатларнинг чиқариб юборилиши