date

Полшада Россия фойдасига жосуслик қилганлар қўлга олинди

Полшада Россия фойдасига жосуслик қилганлар қўлга олинди

Полшада яна жосуслик билан боғлиқ можаро юзага чиқди. Мамлакатнинг Ҳарбий контрразведка хизмати (SKW) ва Ички хавфсизлик агентлиги (ABW) томонидан олиб борилган кенг кўламли текширувлар натижасида икки нафар Украина фуқароси қўлга олинди. Расмий маълумотларга кўра, улар хорижий махсус хизматлар манфаати йўлида фаолият юритган, деб хабар берди Polskie Radio.

ABW матбуот котиби Яцек Добжинскийнинг маълум қилишича, 32 ва 34 ёшли эркак ҳамда аёл разведкавий вазифаларни бажарган. Уларга Полша ҳарбий салоҳияти ҳақида маълумот йиғиш, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инфратузилмаларни яширин кузатиш учун махсус қурилмалар ўрнатиш вазифаси юклатилган.

Расмий маълумотда айтилишича, улар тўплаган маълумотлар Полшадаги ҳарбий база ва логистика тизими билан боғлиқ бўлган. Хусусан, Украинага ҳарбий ёрдам юборишда иштирок этувчи транспорт йўналишлари ва инфратузилмалар тўғрисидаги маълумотлар ҳам шулар қаторида бўлган.

Ҳозирча гумонланувчилар қайси давлат махсус хизмати фойдасига ишлагани очиқланмаган. Аммо маҳаллий таҳлилчиларнинг фикрича, бу фаолият Россия разведка тизими билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли катта.

ABW'нинг расмий баёнотида таъкидланишича, қўлга олиш амалиёти 14 октябрь куни Полшанинг Катовице шаҳрида амалга оширилган. Эртаси куни ҳар икки шахс прокуратурага етказилиб, уларга расман айблов эълон қилинган. Суд уларни уч ой муддатга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган.

Бу Полшада сўнгги вақтларда қайд этилаётган илк ҳолат эмас. Бир ҳафта олдин Бош вазир Доналд Туск ҳам мамлакат ҳудудида диверсия ҳаракатларини тайёрлаётганликда гумон қилинган саккиз кишининг қўлга олинганини маълум қилганди. Улар орасида Украина фуқароси Данило Х. ҳам бўлиб, у Россия разведкаси билан алоқада бўлгани айтилган.

Тускнинг таъкидлашича, сўнгги ойларда Польша хавфсизлик хизматлари Россиянинг таъсир доирасини чеклаш бўйича қаттиқ чоралар кўрмоқда. Буни Добжинский ҳам тасдиқлаб, охирги бир неча ой ичида 55 нафар шахс Россия фойдасига жосуслик қилгани учун ушланганини билдирди.

Полша ҳукумати бу ҳолатни миллий хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда. Мамлакат расмийлари НАТО ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда киберҳимоя ва жосусликка қарши курашни янада кучайтириш режасини ишлаб чиқмоқда.

Шу билан, Польша ҳудудида жосуслик фаолиятига қарши олиб борилаётган кураш янги босқичга чиқди. Бу воқеалар айни вақтда Россия ва Ғарб ўртасидаги шиддатли муносабатлар фонида Европа хавфсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Полшада Россия фойдасига жосуслик қилганлар қўлга олинди