Қозоғистонда 20 ёшли йигит гуруҳ ҳужумида ўлдирилди

Қозоғистоннинг Талғар тумани Гулдала қишлоғида жойлашган ресторанлардан бирида 20 ёшли йигитнинг фожеали ўлими билан боғлиқ жиноят содир этилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 12 апрель куни ёшлар ўртасида келиб чиққан жанжал тез орада кескин тус олиб, оммавий тўқнашувга айланган. Оқибатда 10 нафардан ортиқ эркаклар йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, уни оғир жароҳатлашган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Марҳумнинг яқинлари ушбу ҳодисани олдиндан режалаштирилган гуруҳ ҳужуми сифатида баҳолаб, воқеа юзасидан етарли чоралар кўрилмаётганидан норози эканини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, ҳодисага оид видеоёзувлар ва кўплаб гувоҳлар мавжуд бўлса-да, ҳозирча фақат битта шахс қамоққа олинган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан икки жиноят иши қўзғатилган. Тезкор тадбирлар давомида 20 ёшли асосий гумондор қўлга олинган, яна уч нафар шахс безориликда айбланмоқда. Улардан икки нафари суд қарори билан уй қамоғига ўтказилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Расмийларга кўра, воқеанинг барча тафсилотларини тўлиқ ва холис ўрганиш учун зарур чоралар кўрилмоқда, иш эса мутасадди раҳбарият назоратига олинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!