
Россиянинг Омск шаҳрида воқеа шифокорларни ҳам, беморни ҳам ҳайратга солди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, маҳаллий шифокорлар аёлнинг кўзидан тирик паразит — жонли чувалчангни олиб ташлашга муваффақ бўлишди.
Маълумотга кўра, бемор тез ёрдам бўлимига “қошим остида нимадир қимирлаётгандек ҳис қиляпман” деган шикоят билан мурожаат қилган. Офтальмолог текширув ўтказганида, ҳақиқатан ҳам кўз тагида ҳаракатланаётган тирик паразит аниқланган. Шифокор паразитни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаб, беморга инфекция бўлимига мурожаат қилишни тавсия этган.

Кейинчалик аниқланишича, кўздан чиққан паразит “дирофилярия” деб аталувчи турга мансуб бўлган. Бу паразит, одатда, касал ҳайвонлардан чивинлар орқали одам танасига юқади. Тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, бу каби ҳолатлар ҳар йили камида уч-тўрт марта қайд этилади.
Мутахассислар таъкидлашича, дирофилярия инсон организмида кўпайиш ёки жинсий етуклик босқичига етолмайди, шунинг учун у атрофдагилар учун хавф туғдирмайди. Бироқ у инсон танасида катталашиб, 15–18 сантиметр узунликкача ўсиши мумкин. Бу эса кўз ёки юз атрофида сезиларли безовталик ва оғриқни келтириб чиқаради.
Эслатиб ўтиш жоиз, шунга ўхшаш ҳолат яқинда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ҳам содир бўлган. Ўша ерда шифокорлар мураккаб жарроҳлик амалиёти вақтида 10 ёшли боланинг миясидан ўндан ортиқ паразит қуртни олиб ташлашган эди.
Шифокорлар фуқароларни шахсий гигиенага амал қилиш, ҳайвонлар билан эҳтиёткор бўлиш ва чивинлардан ҳимояланиш чораларини кўришга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.