
Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакатга Украинадан келаётган ёш эркаклар билан боғлиқ масалага яна бир бор ойдинлик киритди. Берлинда ўтган Германия Савдо конгрессида сўзга чиққан Мерцнинг таъкидлашича, Украинадаги ҳарбий вазият шароитида ёш эркакларнинг хорижга чиқиши тўғри эмас ва улар «ўз ватанларида хизмат қилиши лозим».
Унинг айтишича, бу борада Украина президенти Володимир Зеленский билан мулоқот ҳам бўлиб ўтган. «Украинада ёш кучлар жуда зарур. Биз бундан кўз юмиб туролмаймиз», — деди Германия раҳбари.
Шу билан бирга, Мерц Украинадан келаётган қочқинлар учун Германиядаги ижтимоий тўловлар тизимида муҳим ўзгаришлар киритилаётганини тасдиқлади. Яъни украиналиклар энди «бюргергелд» — Германиянинг фуқаролик нафақаси турига даъвогар бўлмайди. Уларнинг ўрнига бошпана изловчиларга мўлжалланган махсус тўловлар тўланади.
Ҳукумат манбаларига кўра, меҳнат вазири Бербел Бас ва ички ишлар вазири Александр Добриндт янги тартиблар юзасидан келишиб олган. Унга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелидан кейин Германияга келган украиналиклар «бюргергелд» олиш ҳуқуқисиз қолади. Бунда ўзгаришлар орт сана билан кучга кирса-да, аввал тайинланган тўловлар белгиланган муддат тугагунча сақланади.
Расмийлар таъкидлашича, бу қарор Меҳнат вазирлиги томонидан ёзда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан тўлиқ мос. Акс ҳолда маъмурий харажатлар кескин ошиши хавфи бор эди. Ҳукумат ўзгаришларни келаси ҳафта тасдиқлаши кутилмоқда.
Bild газетаси маълумотларига қараганда, янги қоида бир неча ўн минг украиналикни «бюргергелд»дан маҳрум қилади. Бироқ 1 апрелгача Германияга келиб улгурганлар ушбу тўловдан фойдаланишда давом этади.
Ҳисоб-китобларга кўра, тўлов тизими ўзгариши 2026 йилда федерал бюджетга 730 миллион евро атрофида тежамкорлик келтириши мумкин. Бироқ бошпана изловчилар учун ажратиладиган маблағлар ва маъмурий харажатлар кўпайиши туфайли умумий ҳисобда давлат учун аниқ фойда кутилмаяпти.
Федерал ерлар ва коммуналар ҳам қўшимча харажатларга дуч келади — 2026 йилда 862 миллион евро, 2027 йилда эса тахминан 394 миллион евро. Улар учун федерал марказдан компенсация ажратилиши керак бўлади.
Германия ҳукуматининг бу қадами мамлакатдаги миграция сиёсати янада қаттиқлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу масала Европа сиёсий майдонида ҳам долзарб муҳокамалардан бири бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.