
Хитойлик тадқиқотчилар аёлларда ёш ўтган сари ҳомиладорлик имконияти пасайишининг асосий сабабини аниқлаб, уни бартараф этишга қаратилган янги терапияни намойиш этди. Бу ҳақда Xinhua агентлиги маълум қилди.
Тадқиқот Нанкай университети раҳбарлигидаги мутахассислар томонидан амалга оширилган ва унинг натижалари Cell Reports Medicine журналида эълон қилинди. Олим Ли Цзенинг таъкидлашича, илгари эътибордан четда қолган бир омил — рибосомал дисфункция — тухум сифатининг ёмонлашувида ҳал қилувчи рол ўйнаши аниқланган.
Маълумотларга кўра, 35 ёш атрофида рибосомал геннинг ортиқча фаоллиги бошланади. Бу нормал оқсил синтезининг бузилишига, хромосомалар ажралишида хатоларга ва, оқибатда, эмбрион ривожланишининг сусайишига олиб келади.
Олимлар шу жараённи барқарорлаштириш мақсадида рибосомал трансляцияни секинлаштирувчи рапамицин дори воситасини синовдан ўтказди. Қисқа давом этган терапия рибосомал фаолликни пасайтириб, оқсил мувозанатини тиклади ва тухум сифатини яхшилади.
Кичик клиник синовлар ҳам ижобий натижа берди: бир нечта аёллар даволашдан сўнг юқори сифатли бластоцистларга эришди, бу эса муваффақиятли ҳомиладорлик ва соғлом чақалоқ туғилиши эҳтимолини оширди.
Шаньси болалар шифохонаси вакили У Сюйцин мазкур натижаларни "умидли қадам" дея баҳолаб, бу усул ёшга боғлиқ бепуштликни тушуниш ва даволашда янги даврни очиши мумкинлигини таъкидлади. Аммо препаратнинг тўлиқ самарадорлигини тасдиқлаш учун янада кенг қамровли клиник тадқиқотлар талаб этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.