Австралияда мактабларнинг ёпилишига сабаб — сеҳрли қум

Австралиянинг пойтахти Канберрада кутилмаган ҳодиса юз берди — 69 та мактабда асбест аниқлангани сабабли улар ҳафта бошида вақтинча ёпилди. Ушбу зарарли модда болалар орасида машҳур бўлган қум қалъа тўпламлари ва сеҳрли рангли қумлардан топилгани айтилмоқда.
ABC телеканали хабарига кўра, хавотир Kmart ва Target дўконларида сотиладиган сеҳрли қум маҳсулотларида асбест излари аниқлангач кучайди. Мутасаддиларнинг айтишича, бу ўйинчоқлар мактабларда улар ўйлагандан ҳам кўпроқ ишлатилган.
Ҳозирда ёпилган таълим муассасаларида кенг кўламли текширувлар олиб борилмоқда. Мактаб ходимлари ва кўнгиллилар синф хоналари, йўлаклар ҳамда омборларни бирма-бир кўздан кечириб, рангли қум қолдиқларини изламоқда. Топилган барча намуналар махсус харитага белгилаб борилмоқда.
Текширувлар бир неча кун давом этиши мумкин. Мутахассислар эса ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш энг устувор вазифа эканини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!