
Британиянинг нуфузли Кембриж луғати 2025 йил учун асосий сўзни эълон қилди. Бу сафар тилшунослар “парасоциал” атамасини йил сўзи деб танлади. Луғат расмий баёнотига кўра, бу сўз сўнгги йилларда жамиятда тобора кўпроқ қўлланилиб, янги маънавий ҳодисани ифода эта бошлаган.
“Парасоциал” атамаси одатда инсоннинг шахсан танимайдиган одамга нисбатан бир томонлама, лекин кучли ҳиссий боғлиқлик ҳисси пайдо бўлиши ҳолатини англатади. Яъни, машҳур шахс, блогер, актёр, ҳатто китоб қаҳрамони ёки сунъий интеллект инсоннинг ҳаётида муҳим ўрин тутганидек кўринади. Бу муносабат бир томонлама бўлади — машҳур шахс бундай инсон борлигидан ҳам бехабар бўлиши мумкин, аммо мухлис учун у чинакам аҳамиятли образга айланади.
Тадқиқотларга кўра, 2025 йил давомида айни шу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. Кўплаб фойдаланувчилар ўз севимли юлдузларининг шахсий ҳаётидаги воқеаларни бевосита ўзларига тегишлидек қабул қила бошлаган, ҳатто айрим ҳолларда чуқур изтироб ёки қувонч ҳисси кузатилган.
Атаманинг ўзи илк бор 1956 йилда социологлар Дональд Ҳортон ва Ричард Во томонидан қўлланган. Улар бу сўзни телевидение бошловчиларига нисбатан томошабинлар шакллантирадиган бир томонлама “яқинлик” муносабатини тавсифлаш учун ишлатган. Унгача бу атама кўпроқ академик муҳитдагина ишлатиларди, аммо охирги йилларда оммавий дастурлар, реалити-шоулар ва ижтимоий тармоқлар таъсирида оддий луғатга ҳам кириб келди.
Лексикографлар таъкидлашича, бундай неологизмлар вақтинчалик мода эмас — бу сўзлар тилга мустаҳкам жойлашиб, замонавий коммуникациянинг ажралмас қисмига айланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.