
Эстонияда вояга етмаганлар томонидан электр двигательли енгил транспорт воситаларидан нотўғри фойдаланиш кескин ортиб бораётгани сабаб, ҳукумат бу соҳадаги тартиб-қоидаларни янада қаттиқлаштиришга жиддий киришди. Иқлим вазирлиги маълумотига кўра, аварияларнинг катта қисми айнан 7–14 ёш орасидаги болалар билан боғлиқ бўлиб, бу статистика мутасаддиларни жиддий ташвишга солган.
Расмийлар 10 ёшгача бўлган болаларга электросамокат ва мини мопедларда ҳаракатланишни тўлиқ тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, 10–15 ёшдагилар учун ҳам велосипед ҳайдаш каби махсус ҳуқуқ талаб этилиши мумкин. Инфратузилма вазири Кулдар Лейс таъкидлашича, мақсад — болалар хавфсизлигини таъминлаш ва йўллардаги хавфли вазиятларни камайтириш.
Полиция ва чегара хизмати статистикасига қараганда, 2025 йилда енгил электр транспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган — бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга кам. Бироқ шунга қарамай, ҳодисаларнинг чорак қисмида вояга етмаганлар иштирок этаётгани вазиятнинг жиддийлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда айрим тез юрувчи электросамокатлар (40–60 км/соат, баъзан 100 км/соатгача) болалар қўлига осон тушмоқда. Волтрайд дўкони асосчиларидан бири Март Эйнпалу айтишича, уларнинг харидорларининг учдан бири айнан ёшлар:
“Баъзи ўсмирлар хавфсизликни ўйламай, шунчаки ‘дўстиники каби’ самокатни истайди. Европа Иттифоқида чекловсиз моделлар тақиқланган бўлса-да, уларни интернетдан топиш қийин эмас”, ― дейди у.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.