
Афғонистоннинг Хост вилоятида Покистон ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳаво зарбаси оқибатида ўн нафар тинч аҳоли, жумладан, тўққиз нафар ёш бола қурбон бўлди. Бу ҳақда сешанба тонгида "Толибон" ҳукуматининг вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид расман хабар берди.
Мужоҳиднинг айтишича, кеча тунги соат 12:00 да Хост вилоятининг Гербзво туманида покистонлик кучлар маҳаллий фуқаро Валиат Хоннинг уйини бомбардимон қилган. Натижада 5 ўғил ва 4 қиз болалар ҳамда бир аёл ҳалок бўлган, уй тўлиқ вайрон бўлган. Шунингдек, Покистон Кунар ва Пактика вилоятларида ҳам босқинлар амалга ошириб, яна тўрт нафар тинч аҳолини жароҳатлаган.
Ҳужум сабаби ва дипломатик инқироз
Бу қонли рейдлар Покистоннинг Пешовар шаҳридаги ҳарбий бинога уюштирилган худкушлик ҳужумидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Ўша терактда Покистон уч нафар полиция ходимидан айрилган эди.
Сўнгги вақтларда Покистон ва Афғонистон ўртасида чегарадаги қонли тўқнашувлар тез-тез кузатилмоқда. Томонлар ўтган ойда Доҳада ўт очишни тўхтатиш келишувини имзолаган бўлса-да, кейинги тинчлик музокаралари қисқа муддатли битимсиз якунланди.
Музокараларнинг асосий тўсиғи – Покистонга душман бўлган қуролли гуруҳларнинг Афғонистон ҳудудидаги фаолияти борасидаги ихтилоф бўлиб қолди. Ҳозирча Покистон армияси ва ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга изоҳ бермаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.