date

Қозоғистонда мигрантлар учун янги талаб жорий этилади

Қозоғистонда мигрантлар учун янги талаб жорий этилади

Қозоғистон Республикасида мигрантларни рўйхатга олишга оид янги қоидалар тасдиқланиб, келгуси йил 1 июлдан амалга татбиқ этилади. Бу ҳужжат 2025 йил 17 ноябрда ички ишлар вазири томонидан имзоланган. Ундан кўзланган бош мақсад — миграция полициясининг ахборот тизими (ИС МП) орқали рўйхатга олиш жараёнини тўлиқ рақамли шаклга ўтказишдир. Бу талаблар, айниқса, 90 кунгача визасиз қолиш ҳуқуқига эга бўлган барча хорижликларга, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларига ҳам тегишли.

Рўйхатдан ўтишнинг янги рақамли тартиби

Хорижлик шахс аввалги тартибга мувофиқ, чегарани кесиб ўтган кундан бошлаб 30 календар кундан кечиктирмай қайддан ўтиши талаб этилади. Аммо энди жараён тўлиқ рақамлаштирилади. Мигрант шахсий маълумотлари, яшаш манзили ва уй-жой берган шахс тўғрисидаги барча ахборотларни ИС МП тизимига киритади.

Энг муҳим янгилик шундаки, уй-жойни тақдим этувчи шахс мобил илова орқали махсус хабарнома олади ва рўйхатдан ўтишни электрон тасдиқлаши ёки рад этиши шарт. Тасдиқлангандан сўнг, мигрантнинг кабинетида автоматик равишда электрон рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги маълумотнома пайдо бўлади. Рўйхатдан ўтиш турар жойларда, меҳмонхоналарда, ётоқхоналарда ва бошқа яшашга мўлжалланган жойларда мумкин.

Манзилни ўзгартириш ва жазо чоралари

Нотўғри маълумотлар, Қозоғистонда бўлиш муддатини бузиш ёки қабул қилувчи томоннинг тасдиқлашдан бош тортиши қайддан ўтишни рад этишга сабаб бўлади. Агар мигрант турар жойини алмаштирса, 5 иш куни ичида янги манзил бўйича рўйхатдан ўтиш керак. Эски манзил эса тизим томонидан автоматик равишда ўчирилади.

Ушбу талабларга риоя қилмаслик жарималар, рўйхатдан ўтишни рад этиш ва ҳатто депортацияга ҳам олиб келиши мумкин.

Электрон тизимнинг афзалликлари ва тавсиялар

Янги электрон тизим мигрантга ўз ҳуқуқий ҳолатини осон назорат қилиш, маълумотномани электрон кабинетида кўриш ва полиция билан низоли вазиятлардан қочиш имконини беради.

Қозоғистонга йўл олган Ўзбекистон фуқароларига асосий тавсиялар:

  • Яшаш манзили қабул қилувчи томон томонидан албатта тасдиқланганига ишонч ҳосил қилинг.

  • Рўйхатдан ўтишнинг 30 кунлик муддатини ўтказиб юборманг.

  • Манзилни ўзгартирганда беш иш куни ичида маълумотларни янгиланг.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда мигрантлар учун янги талаб жорий этилади