Олимлар инсон мияси ривожланишининг 5 муҳим босқичини аниқлашди

Кембриж университети олимлари инсон мияси ҳаёт давомида бир неча аниқ ва мурaккаб босқичлардан ўтишини аниқлади. Тадқиқот BBC орқали эълон қилинган бўлиб, унда миядаги асосий “бурилиш нуқталари” 9, 32, 66 ва 83 ёшларда рўй бериши таъкидланади. Илмий ишда 90 ёшгача бўлган қарийб тўрт минг киши иштирок этган, уларнинг мияси махсус сканерлар орқали таҳлил қилинган.
Олимлар мия тахминан 30 ёшгача ёшлик босқичида бўлишини, бу давр инсон организмининг энг юқори чўққиси эканини айтишди. Янги маълумотлар руҳий касалликлар ёки деменция хавфи нима учун турли ёшларда турлича бўлишини тушунишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадқиқотга кўра, миянинг ўзгариши туғилишдан то ҳаётнинг охиригача бир текис равишда бормайди. Аксинча, унинг ривожланиши беш асосий босқичга бўлинади:
• Болалик (0–9 ёш): мия тез ўсади, бироқ ортиқча нейрон алоқаларни “кесиб ташлаш” жараёни ҳам ўз жойида давом этади. Бу босқичда мия самарадорлиги пастроқ бўлади.
• Ёшлик (9–32 ёш): алоқалар максимал самарадорлик учун қайта шаклланади. Бу даврда миядаги ўзгаришлар жуда фаол кечади ва руҳий муаммолар хавфи юқори бўлади. Ушбу фазанинг 30 ёшгача чўзилиши олимларни ҳайратга солган.
• Балоғат (32–66 ёш): мия энг барқарор ва энг узоқ даврга киради. Ўзгаришлар аста-секин кечади, лекин айнан шу босқичда ривожланиш орқага қайта бошлайди ва инсон “интеллектуал плато”га чиқади.
• Эрта қарилик (66–83 ёш): мия тўсатдан ёмонлашмайди, балки бошқа моделга ўтади — ягона тизим сифатида эмас, балки алоҳида бўлимлар сифатида ишлай бошлайди, аммо барибир бир-бири билан боғлиқ ҳолда. Деменцияга оид белгилaр aйнан шу ёшдa намоён бўлиши мумкин.
• Кечки қарилик (83+): ўзгаришлар аввалги босқичга ўхшаш, аммо янада кучлироқ. Бу ҳақдаги маълумотлар кам, чунки бу ёшда соғлом мияга эга одамлар сони оз.
Доктор Моусли миядаги қисмлар ўзгариши инсон ҳаётидаги муҳим даврлар — ўсмирлик, соғлиқ муаммолари ва 30 ёшлардаги катта ҳаётий ўзгаришлар билан ажойиб даражада мос келишини алоҳида таъкидлаган.
Эдинбург университети профессори Спайрс-Жонс ҳам тадқиқот натижалари мия қариши ҳақидаги бугунги тасаввурларга мос келиши, аммо ҳар бир инсонда бу жараёнлар турлича кечиши мумкинлигини қайд этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!