
Саудия Арабистони пойтахти Риёд ўзининг янги метро лойиҳаси билан жаҳон эътиборига тушди. Шаҳар метроси дунёдаги энг узун ҳайдовчисиз метро тармоғи сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди, деб хабар берди Arab News.
2024 йил декабрда ишга туширилган мазкур метро тармоғи 176 километр узунликка эга бўлиб, 6 та линия ва 85 та бекатни ўз ичига олади. Тизим тўлиқ автоматлаштирилган марказий бошқарув орқали ҳайдовчисиз ишлайди. Лойиҳа шаҳар тирбандлигини камайтириш ва экологик таъсирни пасайтириш мақсадида амалга оширилган.
Поездлар Wi-Fi, юқори сиғимли кондиционер ва ахборот дисплейлари билан жиҳозланган. Метро тўлиқ қувватда кунига 3,6 миллион йўловчи ташиши мумкин. Вагонлар олий тоифа, оилавий ва оддий синфга бўлинади.
Тармоқ узунлиги бўйича Хитой шаҳарлари ҳали ҳам етакчи: Шанхай — 831 км, Пекин — 800 кмдан ортиқ, Гуанчжоу — 653 км. Москва (460 км), Нью-Йорк (472 км) ва Лондон (402 км) ҳам энг катта метролар қаторида.
Бекатлар сони бўйича эса Нью-Йорк мутлақ рекордчи — тахминан 472 бекат. Шанхайда 439 та, Пекинда 428 та, Сеулда эса 335 га яқин бекат мавжуд.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.