
Днипропетровск области Слобожанск районида яшовчи киши Россия зарбасидан вайрон бўлган уйида. 2025 йил 6 декабр
Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA
Россия қўшинлари 6 декабрга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбаларини амалга оширди. Дронлар ва ракеталар ёрдамида йўлланган ҳужум бир нечта минтақага жиддий зарар етказди, маҳаллий аҳоли орасида хавотир ва тинимсиз қўрқувни янада кучайтирди.
Киев области энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлди. Фастовдаги темирйўл вокзали деярли вайрон бўлди, Вишгород ва Нови Петривци шаҳарлари ҳам зарбалар остида қолди. Област раҳбари Микола Калашникнинг айтишича, камида уч киши жароҳат олган.
Днипрода ҳам вазият ўта оғир кечди. Россия дронлари ҳужуми натижасида бир нечта бино ёниб кетди, деб хабар берди Днипропетровск области раҳбари Вячеслав Гайваненко. Қутқарувчилар узоқ вақт оловни назоратга олиш учун курашган.

Фастовдаги вайрон бўлган вокзал, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Луцк шаҳрида озиқ-овқат омбори ёниб кул бўлди. Шаҳар мэри Игор Полишчукнинг маълумотича, ҳужум натижасида шаҳарнинг айрим қисмлари электр таъминотисиз қолган. Шу билан бирга, Лвив ва Одесса областларида ҳам электр тармоқларида узилишлар кузатилган.
Черниҳив областида энергетика инфратузилмасига зарбалар берилди. Област марказининг ўзи ҳам ҳужумдан зарарланди, бу эса қишлоқ хўжалиги ва маиший инфратузилмани издан чиқарди.

ДТЭК энергетика компанияси ходими Нови Петривцида Россия зарбаси оқибатида шикастланган электр узатиш линиясини тузатмоқда, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Украина Ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотига кўра, Россия Украинага 51 турли типдаги ракета ва 653 та дрон, жумладан, имитация учун мўлжалланган дронлар ҳам йўллаган. Бундай миқёсдаги ҳужум Украина ҳудудидаги охирги ойлардаги энг кучли зарбалардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Нови Петривцида зарба оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз баёнотида зарбаларни «Украина ҳарбий-саноат мажмуаси ва уни қўллаб-қувватловчи энергетика объектлари, шунингдек, қуролли кучларга хизмат қиладиган порт инфратузилмалари»га йўналтирилганини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса ҳужумни кескин қоралаб, Россиянинг христианлар учун муҳим байрам — Авлиё Микола кунида ҳам тинч шаҳарларга зарба беришга ожиз эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москванинг мақсади — миллионлаб украинларни руҳан синдириш ва тинч аҳолига доимий таҳдид солиш.

Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA
Зеленский халқаро ҳамжамиятни Россияга босимни кучайтиришга чақирди ва мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш учун яна ёрдам зарурлигини қайд этди.
Украинада эса бу каби кескин ҳужумлар аҳоли онгида яна бир бор тинчлик қайси томонда экани, уруш эса ким томонидан давом этаётгани ҳақида кенг фикр уйғотди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.