
Бенинда сиёсий вазият кескин тус олди — мамлакат ҳарбийлари давлат телеканали орқали президент Патрис Талон ҳокимиятдан четлатилганини маълум қилди. Улар Конституция амалиёти тўхтатилганини, барча қуруқлик чегаралари ва ҳаво макони ёпилганини эълон қилиб, бошқарув вақтинча подполковник Тигри Паскал раҳбарлигидаги ҳарбий кенгаш қўлига ўтганини билдирди.
Франциянинг Бениндаги элчихонаси ҳам фавқулодда баёнот берди. Маълум қилинишича, президентнинг Котону шаҳридаги қароргоҳи атрофидан отишма овозлари эшитилган ва француз фуқаролари хавфсизлик мақсадида уйларини тарк этмасликка чақирилган.
Ўзини «Қайта қуриш бўйича ҳарбий қўмита» деб атаган гуруҳ телевидение орқали чиқишида махсус йиғилиш ўтказилгани, унда Патрис Талонни президентлик лавозимидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилинганини билдирган.
Шу билан бирга, Талонга яқин манбалар давлат раҳбари хавфсиз жойга ўтказилганини айтмоқда. Президент офисининг AFP агентлигига билдиришича:
«Бу – телевидениени эгаллаган кичик гуруҳ холос. Бош қўшин ҳолатни назоратга қайтармоқда. Шаҳар ва мамлакат хавфсиз».
67 ёшли Патрис Талон келаси йили лавозимини тарк этиш ниятида эканини айтганди. У 2016 йилда ҳокимиятга келган, мамлакатда «пахта қироли» сифатида танилган йирик тадбиркор ҳисобланади. Иккинчи муддати 2026 йил баҳоригача давом этиши керак эди.
Тўнтариш Ғарбий Африкадаги сиёсий беқарорлик фонида рўй берди. Атиги ўн кун аввал қўшни Гвинея-Бисауда ҳам президент Умаро Сиссоко Эмбало ағдарилганди. Сўнгги йилларда Мали, Нигер, Буркина-Фасо ва Гвинеяда ҳам ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олгани минтақада хавфсизлик борасида жиддий хавотирларни ошириб юбормоқда.
Бенин эса ҳозир шу беқарорлик занжирининг навбатдаги ҳалқасига айланди — вазият қандай ўзгариши ҳозирча номаълум.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.