
АҚШ таклиф этган 28 банддан иборат тинчлик формуласи Украина билан ўтказилган қатор музокаралардан кейин қайта кўриб чиқилиб, 20 бандгача қисқартирилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Лондондан Брюсселга йўл олаётган самолёт бортида журналистлар саволларига WhatsApp орқали жавоб берган вақтида маълум қилди.
Зеленскийнинг таъкидлашича, аввалги вариантда Киев манфаатларига зид бўлган бир қатор бандлар бор эди. Янгилангандан сўнг улар тўлиқ чиқариб ташланди.
«28 та банд бор эди, энди 20 та бўлди. Биз бу йўналишни ўзгартирдик. Украина манфаатларига қарши бўлган ҳеч бир қисм қолдирилмади. Америкаликлар, умуман олганда, муроса вариантларини изламоқда, бироқ ҳудудларга тааллуқли масалаларда ҳали ечим йўқ», — деди Зеленский.
Украина раҳбари суҳбат давомида Киев ўз ҳудудларидан воз кечиш ниятида эмаслигини қайта-қайта таъкидлади:
«Уларни на конституция, на халқаро ҳуқуқ тўлдирмайди. Россия биздан ҳудудлардан воз кечишни талаб қиляпти, лекин биз ҳеч нарса бермаймиз — айнан шунинг учун курашмоқдамиз», — дея келтиради унинг сўзларини украин нашрлари.
Зеленский хавфсизлик кафолатлари масаласига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, Украина учун энг ишончли кафолатларни АҚШ бериши мумкин, бироқ бу Будапешт меморандуми каби «бўш ваъдалар» эмас, Конгресс томонидан расман тасдиқланадиган ҳужжат бўлиши керак.
Президентнинг айтишича, тинчлик режасини ишлаб чиқиш 9 декабр кечга қадар якунланади ва якунланган ҳужжат АҚШ томонига юбориш учун тайёр бўлади. Европалик маслаҳатчилар ҳам Украина билан бирга иш олиб бормоқда.
4–6 декабрь кунлари Майами шаҳрида Украина делегацияси АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда Украина МХМК котиби Рустем Умеров, Бош штаб раҳбари Андрей Гнатов, АҚШ томонидан эса президент Доналд Трампнинг вакили Стивен Уиткофф ва Оқ уй раҳбарининг куёви Жаред Кушнер иштирок этди. Музокараларнинг учинчи куни Зеленский ўзи ҳам онлайн тарзда қўшилиб, «узоқ ва мазмунли суҳбат» ўтказганини маълум қилди.
Кўриниб турибдики, тинчлик режасининг кейинги тақдири АҚШ ва Украина ўртасидаги келишув даражасига ва, энг асосийси, Киевнинг ўз ҳудудий позицияларидан қайтмаслигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.