
Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги Макка ҳамда Мадинадаги икки муқаддас маскан — Масжид ал-Ҳарам ва Масжид ан-Набавийда фото ва видеога олишни тўлиқ тарзда тақиқлашини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик хабарига таянган ҳолда “Arabi portal” тарқатди.
Янги қоидага мувофиқ, ушбу муқаддас жойларда мобил телефон орқали тасвирга олиш, профессионал камералардан фойдаланиш, видеолар ёзиб олиш ва ҳар қандай турдаги тасвир қурилмаларини ишлатиш ман этилади. Маълумотларга қараганда, мазкур чеклов 2026 йилги Ҳаж мавсумига келиб расман кучга киради.
Ҳаж ва Умра вазирлиги таъкидлашича, бундай тақиқнинг асосий сабаби — зиёратчиларнинг айрим хатти-ҳаракатлари ва Ҳарам ичидаги серҳаракат, гавжум даврларда юзага келаётган муаммолар. Тасвирга олиш жараёни ибодат вақтида кечикишларга, ташкилий ҳаракатларда узилишларга ва инсонларнинг шахсий ҳудуди бузилишига сабаб бўлмоқда.
Вазирликнинг изоҳлашича, чекловнинг мақсади — зиёратчиларнинг ибодат вақтида тўлиқ диққатини жамлай олишлари учун қулай шароит яратиш. Расмийларнинг таъкидлашича, бу чора маҳаллий маъмуриятлар ва халқаро делегациялар томонидан билдирилаётган хавотирлар фонида қабул қилинган бўлиб, асосий мақсад — ибодат пайтида ортиқча безовталикка йўл қўймаслик ва зиёратчилар учун янада хавфсиз ҳамда тартибли муҳит яратиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” ишга туширилгани, унинг орқали фуқаролар онлайн тартибда зиёратга навбатга ёзилиши мумкинлиги маълум қилинган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.