
Украина президенти Володимир Зеленский 9 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида Киев ҳақиқий ва барқарор тинчликдан манфаатдор эканини яна бир бор таъкидлади. Унга кўра, урушни тўхтатиш ва унинг қайта авж олишининг олдини олиш учун асосий омил — Россия раҳбариятининг жараёнга тайёрлиги ва амалий қадамлар қўйиш-қўймаслигига боғлиқ.
Зеленский маълум қилишича, Украина томони «қайта ишланган ҳужжатлар»ни яқин вақт ичида Вашингтонга юборишга тайёрланмоқда. У Майамидан қайтган Украина делегацияси билан уч кунлик музокаралар натижаларини муҳокама қилганини айтди. Делегация доирасида Лондонда Европа ҳамкорларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари даражасида кенгайтирилган форматда мулоқотлар ўтказилган.
Президентнинг сўзларига кўра, Украина ва Европа компонентлари янада пухта шакллантирилиб, энди америкалик ҳамкорларга тақдим этишга тайёр ҳолатга келган. Зеленский америкаликлар билан биргаликда тинчликка эришиш бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган қадамларни тез ва самарали тарзда амалга оширишга умид билдирди.
Зеленскийнинг айтишича, АҚШнинг аввал 28 банддан иборат бўлган тинчлик таклифлари Украина билан маслаҳатлашувлар натижасида 20 бандга қисқартирилган. Унинг таъкидлашича, зиддиятли ва ўзаро тўқнаш келадиган жиҳатлар чиқариб ташланган, бироқ ҳудудларга оид масалаларда ҳали ҳам муроса топилмаган.
Украина раҳбари яна бир муҳим жиҳатга тўхталди: Киев ўз ҳудудларини на конституция, на халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан топширишга ҳақли эмас. Зеленский Россиянинг ҳудудларни талаб қилишда қатъий турганини, Украина эса мутлақо бундай босимга рози эмаслигини қайд этди.
У хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапирар экан, АҚШ томонидан бериладиган расмий ва Конгресс томонидан тасдиқланадиган кафолатлар энг ишончли таянч бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Бу Будапешт меморандуми каби бўш ваъдалар эмас, балки ҳуқуқий кучга эга ҳужжат бўлиши зарур», — деди Зеленский.
Украина томони тинчлик режаси устидаги ишни 9 декабрь куни якунига етказмоқда ва ҳужжат тайёр бўлиши билан Вашингтонга тақдим этилади. Президент бу жараённи шахсан назорат қилаётганини билдирди.
4–6 декабрь кунлари Украина делегацияси — Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ва Бош штаб раҳбари Андрей Гнатов билан бирга — Майамида АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказди. Америка томонидан АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳамда Оқ уй раҳбарининг куёви Жаред Кушнер иштирок этди. Учинчи куни Зеленский ҳам музокараларга қўшилиб, узоқ ва мазмунли телефон суҳбатини амалга оширгани маълум қилинди.
Украинада тинчлик йўли бўйича мунозаралар изчил давом этаётган бир пайтда, Киев ва Вашингтон ўртасидаги яқин мулоқот жараённинг асосий дастагига айланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.