
Шиддат билан давом этаётган Украина–Россия можаросини сиёсий йўл билан тўхтатиш мақсадида АҚШ ва Украина ўртасида янги форматдаги музокаралар бошлангани ҳақида The Washington Post таҳлилчиси Дэвид Игнатиус маълум қилди. Унинг ёзишича, Вашингтон ва Киев Украинага 2027 йилгача Европа Иттифоқи сафидан жой бериш имконини кўриб чиқмоқда — бу ғоя жангу-жадал давом этаётган шароитда кескин геосиёсий ўзгаришларга йўл очиши мумкин.
Игнатиус манбаларига кўра, Доналд Трамп маъмурияти Украинага тезкор равишда ЕИ аъзолиги беришга қарши бўлиб келган айрим давлатлар — хусусан, Венгрия каби қатъий позициядаги мамлакатларнинг қаршилигини енгиб ўтиш мумкин, деган фикрда. Вашингтоннинг таъкидлашича, ЕИга кириш Украина иқтисодиётини тиклаш, инвестициялар оқимини кучайтириш ва ички ислоҳотларни тезлаштиришда муҳим қадам бўлади.
Шу билан бирга, музокараларда фронт чизиғи бўйлаб бир нечта хавфсизлик зоналари яратиш масаласи ҳам кўтарилган. Донецкдан Херсон ва Запорожиегача бўлган минтақада қуролсизлантирилган ҳудуд ташкил этиш, айрим қўшинларни орқага тортиш ва оғир ҳарбий техника ҳаракатини чеклаш таклиф қилинмоқда. Таҳлилчи фикрига кўра, ушбу ҳудуд Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги демилитаризация зонасига ўхшаш тарзда доимий мониторинг остида бўлади.
WP манбалари яна бир муҳим жиҳатга урғу беради: АҚШ Украинага НАТОнинг 5-моддасига яқинлашувчи хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёр. Киев бу кафолатлар фақат имзоланишини эмас, балки АҚШ Конгресси томонидан расман ратификация қилиниши кераклигини айтмоқда. Европа мамлакатлари ҳам ўз томонидан қўшимча кафолатлар бериши кўриб чиқилаётгани таъкидланди.
Шу билан бир вақтда, Трамп маъмуриятининг янги миллий хавфсизлик стратегияси Россия томонидан янги ҳужум бўлган тақдирда Вашингтоннинг ҳарбий аралашуви бир қадар мавҳумлигини кўрсатади. Бироқ, АҚШ Украинага разведка маълумотлари билан ёрдам беришда давом этишини ваъда қилмоқда.
Игнатиус таъкидлаган яна бир керакли масала — Запорожие атом электр станциясини АҚШ назоратига ўтказиш эҳтимоли. Бу таклиф ҳали муҳокама босқичида бўлса-да, глобал энергетик хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий аҳамиятга эга.
Қисқаси, Вашингтон ва Киев ўртасидаги санкция, хавфсизлик ва сиёсий кафолатларга оид янги ташаббуслар можаро келажагига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.