
10 декабрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп узоқ вақтдан бери ваъда қилиб келган «Trump Gold Card» – «Олтин карта» номли махсус виза дастурини расман ишга туширди. Ушбу инқилобий дастур 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бадални тўлаган шахсларга ва ҳар бир чет эллик ходим учун 2 миллион доллар тўлаган корпорацияларга АҚШда қонуний мақом олиш, кейинчалик эса фуқароликка эга бўлиш йўлини таклиф этмоқда.
Энг яхши истеъдодлар учун янги йўл
Доналд Трампнинг фикрича, ушбу янги виза дастури АҚШга энг яхши иқтидорларни жалб қилиш билан бирга, федерал ғазнага катта даромад келтиради. Президент бир неча ой давомида бу олтин карта ташаббусини фаол тарғиб қилиб келди.
The Associated Press нашрининг АҚШ расмийларига таяниб ёзишича, дастур доирасида келиб тушадиган барча маблағлар «АҚШ ҳукумати ихтиёрига ўтади» ва Молия вазирлиги бошқарадиган ҳисобга миллиардлаб долларлар оқиб келиши кутилмоқда.
Трамп: «Бу, асосан, Green card (яшил карта), лекин анча яхшироқ. Анча кучлироқ ва қудратлироқ йўл».
Ариза бериш тартиби ва хавфсизлик текшируви
Картага ариза бериш учун Trumpcard.gov махсус сайти ишга туширилди. Аризачилар мурожаат қилиш учун қайтарилмайдиган 15 минг долларлик қайта ишлаш (processing) тўловини тўлаши керак.
АҚШ Савдо вазири Ховард Лутникнинг сўзларига кўра, дастур аризачиларни пухта «background check» – келиб чиқиш ва хавфсизлик текширувларидан ўтказади. Бу уларнинг «Америкада бўлишга мутлақо лойиқ эканини кафолатлайди».
Аризачилар Ички хавфсизлик департаменти томонидан тасдиқлангач, улар 1 миллион долларлик асосий тўловни амалга ошириши шарт бўлади. Шунда улар «рекорд вақт ичида АҚШ резидентлигини олади» ва қонуний доимий яшовчи мақомига эга бўлади.
Савдо вазири Лутник дастур олдиндан рўйхатдан ўтиш босқичида 10 мингга яқин кишини жалб қилганини ва бу сон янада ошишига ишонишини таъкидлади: «Вақт ўтиши билан биз минглаб карталарни сотамиз... миллиардлаб, миллиардлаб доллар йиғамиз».
Платина ва Корпоратив карталар
New York Times нашрининг ёзишича, сайтда «Platinum card» ҳақида ҳам маълумот берилган. Бу карта 5 миллион долларлик бадал эвазига чет эл фуқароларига ҳар йили 270 кунгача АҚШда яшашга ва чет элда топилган даромаддан солиқ тўламасликка рухсат беради.

Бундан ташқари, Gold Card дастурининг корпоратив версияси ҳам мавжуд. У компанияларга АҚШда ишлашини истаган ҳар бир хорижий ходимлари учун 2 миллион долларлик бадал эвазига карта олиш имконини беради. Трампнинг фикрича, бу дастур АҚШ университетларининг энг яхши битирувчиларини мамлакатда ушлаб қолишга ёрдам беради.

Трампга кўра, бизнес етакчилари – «АҚШ университетларидан энг яхши битирувчиларни ёллашга уринган, аммо уларда қолишга рухсатномаси йўқлиги сабабли бунга эриша олмаган».
«Сиз энг яхши университет битирувчиларини ёллай олмайсиз, чунки бу одамни ушлаб қолиш-қолмаслигингизни билмай қоласиз,» деди Трамп.
Унинг айтишича, дастур АҚШга «буюк одамлар келишини» англатади, чунки «улар зўр инсонлар бўлади». У АҚШнинг етакчи университетларида таълим олган Хитой, Ҳиндистон ва Франциядан бўлган талабаларни олтин карта олиши мумкин бўлган шахслар қаторида тилга олди. «Компаниялар жуда хурсанд бўлади,» деди у.
Танқидлар ва сиёсий аҳамияти
Reuters ёзишича, Gold Card дастури – Оқ уй маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши турувчи Трампча версияси ҳисобланади. Баъзи демократлар ва мигрант ҳуқуқлари ҳимоячилари бу дастурни «бойларга имтиёз» яратишда айблаб, уни кескин қоралашди.
Президентнинг қатъий иммиграция сиёсати янада кучайиб, оммавий депортациялар ва кенг кўламли иммиграция рейдлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.