
Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги 14-сонли мактабнинг саккиз нафар ўқувчиси сақичдан заҳарланиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлди. Бу ҳақда Minval Politika хабар берди.
Маълумотларга кўра, ўқувчилар дарс пайтида қўрқинчли аҳволдан шикоят қилишган. Мактаб маъмурияти дарҳол тез ёрдам чақирган ва заҳарланган болалар касалхонага олиб кетилган. Мактаб раҳбарияти бу ҳолат ҳақида барча тартибга солувчи идораларга ва болаларнинг ота-оналарига хабар берган.
Дастлабки текширувлар шуни аниқладики, бир ўқувчи мактабга келаётганда яқиндаги дўкондан сақич сотиб олиб, уни синфдошларига тарқатган. Шундан сўнг болаларнинг аҳволи ёмонлашиб, улар оғир аҳволга тушишган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Индонезияда ҳам содир бўлган эди. 2023 йил сентябрида мактаб ўқувчилари мамлакат президенти томонидан тақдим этиладиган бепул тушликдан заҳарланиб, шифохоналарга ётқизилган. Ғарбий Ява провинциясининг Сипонгкор туманида 3 кун ичида 1 258 болада заҳарланиш белгиларини кузатишган.
Соғлиқни сақлаш мутахассисларига кўра, заҳарланишга нотўғри тайёрланган овқатлар, айниқса, соя соусли товуқ гўшти, қовурилган тофу ва мевалар сабаб бўлган. Ушбу овқатлар болаларда қорин оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва нафас қисилиши каби белгиларга олиб келган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.