
Украина Қуролли кучлари (УҚК) бўлинмаси “Черная Искра” (Қора Учқун) номли исёнчи ҳаракат билан ҳамкорликда Каспий денгизида Россияга тегишли иккита кемага — “Композитор Рахманинов” ва “Аскар-Сариджа”га зарба берди. Бу кемалар ҳарбий мақсадларда фойдаланилади ва Эрон билан Россия ўртасидаги ҳарбий юкларни ташишда иштирок этгани учун АҚШ санкциялари остида бўлган. Бу ҳақда 12 декабрь, жума куни УҚК Махсус операциялар кучларининг Telegram-канали хабар тарқатди.
Каспий денгизидаги ҳужум тафсилотлари
Хабарда айтилишича, ҳужум Каспий денгизи акваториясида, Қалмиқистон Республикаси соҳиллари яқинида содир этилган. Ҳужум вақтида кемалар Украинага қарши урушда қўлланадиган қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ташиётган бўлган.
УҚК таъкидлашича: "Исёнчи ҳаракат вакиллари зарба берилган кемаларнинг йўналиши ва юки ҳақида батафсил маълумот тақдим этди".
Ҳужум оқибатлари борасида аниқ маълумот берилмаган. Россия ҳокимияти ва РФ Мудофаа вазирлиги Каспий денгизидаги кемаларга зарба берилгани ҳақидаги бу баёнотни изоҳламаган.
Украин ҳарбийлари: “Махсус операциялар кучлари Россия армиясининг ҳужумкор салоҳиятини сусайтириш мақсадида асимметрик ҳаракатларни қўллашда давом этмоқда”.
Нефт платформалари нишонга олинди
DW билан суҳбатлашган Украина махсус хизматидаги манбанинг маълум қилишича, Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг “Альфа” махсус операциялар марказига тегишли узоқ масофали дронлар Каспий денгизидаги Филановский номи берилган нефт қазиб олиш платформасини ҳам нишонга олган.
Платформа “Лукойл-Нижневолжскнефть” компаниясига қарашли бўлиб, ҳужум натижасида унинг иши тўхтатилган.
СБУдаги манбага кўра, бу — Украина томонидан Каспий денгизида Россиянинг нефт қазиб олиш билан боғлиқ инфратузилмаси биринчи марта нишонга олиниши.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.