
12 декабрь, жума куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийга бағишланган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маънавий аҳамиятга эга тадбир икки қардош халқ ўртасидаги маданий яқинлик ва тарихий бирликнинг яна бир ёрқин ифодаси сифатида баҳоланди.
Навоий ҳайкали Ўш шаҳрининг марказий ҳудудларидан бири — Қурманджан Датка ва Навоий кўчалари кесишган нуқтада қад ростлади. Бу жой тасодифан танланмаган бўлиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун доимий диққат марказида бўладиган ҳудуд ҳисобланади.

Айни пайтда Ўш шаҳрида Алишер Навоий номи билан аталувчи дам олиш боғи, мактаб ва кўча фаолият юритиб келмоқда. Бу эса буюк мутафаккир меросига бўлган ҳурмат нафақат рамзий, балки амалий жиҳатдан ҳам намоён бўлаётганини кўрсатади.
Шаҳар ҳокимияти вакилларининг таъкидлашича, мазкур ҳайкалнинг ўрнатилиши Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, у умумий маданий қадриятлар ва тарихий меросга бўлган эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўш шаҳрида Бобур номидаги ўзбек академик театри ҳам фаолият олиб боради. У нафақат Қирғизистон, балки Ўзбекистон учун ҳам муҳим маданий маскан ҳисобланиб, икки халқ ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда.
Алишер Навоий ҳайкалининг Ўш шаҳрида қад ростлаши — бу фақат бир тарихий шахсга эҳтиром эмас, балки икки халқни боғлаб турувчи умумий илдизлар ва маънавий бирликка қўйилган навбатдаги мустаҳкам қадамдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.