
Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясида содир бўлган фожиали воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди. Хусусан, 10 ёшли Тожикистон фуқаросининг ўлими билан боғлиқ ҳолат сабаб Россиянинг Тожикистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Семён Григоревга норозилик нотаси йўлланди.
Тожикистон ТИВ расмий баёнотига кўра, ушбу мудҳиш ҳодиса 2025 йил 16 декабрь куни Россия Федерацияси Москва вилоятининг Одинтсово шаҳар округига қарашли Горки-2 қишлоғида содир бўлган. Маълум қилинишича, Успенская умумтаълим мактабининг 4-синфида таҳсил олган, вояга етмаган Тожикистон фуқароси Қобилжон Алиев этник нафрат асосида қилинган ҳужум қурбонига айланган. Афсуски, ҳужум оқибатида бола воқеа жойидаёқ ҳаётдан кўз юмган.
Мазкур ҳолат Тожикистон томонидан кескин қораланди. Воқеадан сўнг Россия Федерациясининг Тожикистондаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий нота топширилди. Ушбу нота орқали Россия томонидан жиноятни зудлик билан, холис ва ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, айбдор шахсларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш қатъий талаб қилинган.
Шу билан бирга, Тожикистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси мазкур жиноят иши бўйича тергов жараёнларини доимий назоратга олгани маълум қилинди. Элчихона томонидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига ҳам расмий мурожаат йўлланган.
Тожикистон ТИВ марҳум боланинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, хорижда бўлиб турган Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш давлат сиёсатида устувор вазифа эканини яна бир бор таъкидлади. Вазирлик Россия Федерациясининг ваколатли органлари ушбу фожиали воқеани тўлиқ, шаффоф ва адолатли тарзда ўрганишига умид билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.