date

ФИФА экс-бош котиби Валке коррупцияда айбдор деб топилди

ФИФА экс-бош котиби Валке коррупцияда айбдор деб топилди

Швейцария Олий суди ФИФАнинг собиқ бош котиби Жерома Валке ҳамда грециялик тадбиркор Динос Дерисни Жаҳон чемпионати телетрансляция ҳуқуқлари билан боғлиқ келишувлар доирасида коррупцияда айбдор деб топди. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс X ижтимоий тармоғида маълум қилди. Қарор футбол оламида яна бир бор шаффофлик масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Маълум қилинишича, Валке ва Дерис 2022 йил июль ойида пора олиш айбловлари билан суд олдига келтирилган эди. Суд жараёни давомида Жерома Валкенинг 2026 ва 2030 йилги Жаҳон чемпионатлари учун медиаҳуқуқларни қўлга киритишга қаратилган келишувларда бевосита иштирок этгани исботланди. Натижада у 11 ой шартли равишда озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Валке 1,25 миллион евро миқдорида пора олган, шунингдек, молиявий ҳужжатларни сохталаштирган. Тергов материалларида таъкидланишича, коррупциявий тўловларнинг асл моҳиятини яшириш учун у мазкур маблағларни ўз компаниясининг 2013 ва 2014 йиллар ҳисоботларида узоқ муддатли кредит сифатида расмийлаштирган.

Эслатиб ўтамиз, Жерома Валке ФИФА бош котиби лавозимига 2007 йилда тайинланган эди. Бироқ 2015 йилда атрофида пайдо бўлган коррупция шубҳалари сабабли у вазифаларини бажаришдан четлатилди. 2016 йил январь ойида эса ФИФАнинг фавқулодда қўмитаси қарори билан Валке расман лавозимидан озод қилинган.

Бу қарор ФИФА тарихидаги энг шов-шувли коррупция ишларидан бири сифатида қолиши аниқ. Футбол мухлислари эса яна бир бор катта спорт ортидаги катта пуллар ва катта жавобгарлик ҳақида ўйлаб қолди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » ФИФА экс-бош котиби Валке коррупцияда айбдор деб топилди