
Москва шаҳрида 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин иштирокида йил якунига бағишланган бевосита алоқа ва катта матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қарийб 4,5 соат давом этган очиқ мулоқот давомида давлат раҳбари фуқаролар ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб бериб, хавфсизлик, уруш, тинчлик ва жамиятга оид қатор мавзуларга тўхталиб ўтди.
Фронтда дронлардан фойдаланиш масаласини изоҳлар экан, Путин Россия томонида рақибдаги «Баба Яга» каби айрим оғир дронлар кам эканини тан олди. Шу билан бирга, у умумий ҳисобда дронлар сони ва улардан фойдаланиш кўлами бўйича Россия қўшинлари фронтнинг деярли барча йўналишларида устун эканини таъкидлади.
Қуролли Кучларнинг шахсий таркиби ҳақида гапириб, президент ҳарбий хизматга жалб этиш жараёни режага мувофиқ ва яхши суръатларда кетaётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, шартнома асосида хизмат қилишни хоҳлаётган кўнгиллилар сони кўп. Ўтган йили 400 мингдан ортиқ фуқаро шартнома имзолаган. Айниқса, янги ташкил этилган ҳарбий дрон бўлинмаларига қизиқиш юқори бўлиб, Мудофаа вазирлиги ҳатто танлов ўтказишга мажбур бўлмоқда. Қизиқ томони шундаки, кўплаб ёшлар, жумладан талабалар ҳам таътил пайтида фронтга бориб, асосан дрон оператори сифатида хизмат қилмоқда. Замонавий технологиялар эса уларга буни масофадан туриб ҳам амалга ошириш имконини бермоқда.
Москва бўйлаб «махфий» ҳаракатланиши ҳақидаги саволга жавоб берган Путин, у доим яширин тарзда машина ҳайдамаслигини, фақат айрим ҳолларда йўл полицияси кузатувисиз ҳаракатланишини айтди. Унинг таъкидлашича, бу сафарлар бефойда эмас — у шу орқали шаҳар ҳаётини, кўчаларни ва муҳитни кузатади.
Тинчлик мавзусида президент Россия келгуси йилда ҳарбий можароларсиз, осуда ҳаёт кечиришни исташини билдирди. Москва барча низоларни музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.
Калининград вилояти эҳтимолий блокадаси ҳақида сўралганда эса Путин кескин огоҳлантириш берди. Унинг айтишича, бундай сценарий амалга ошишига умид қилмайди, аммо агар таҳдид юзага келса, жавоб қаттиқ бўлади. Бундай ҳаракатлар можарони мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кенг кўламли қуролли тўқнашувга сабаб бўлиши мумкин.
НАТО бош котиби Марк Рютте ҳақида гапириб, Путин уни ақлли ва тажрибали сиёсатчи деб атади, бироқ Россия билан уруш мавзусидаги баёнотларини тушунарсиз деб баҳолади. У АҚШ НАТОнинг асосий ўйинчиси эканини эслатиб, агар Вашингтон Россияни душман сифатида кўрмаса, альянсни урушга тайёрлаш қанчалик асосли эканига шубҳа билдирди.
Келажакдаги урушлар ҳақида Путиннинг фикри аниқ: агар томонлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олса, ҳеч қандай уруш бўлмайди. Европага эҳтимолий ҳужум ҳақидаги гапларни эса у очиқдан-очиқ бемаънилик деб атади.
Анжуманда маънавият мавзуси ҳам кўтарилди. Путин Худо ягона эканини, одамларнинг турли черковларга бўлиниши эса инсонларнинг ўз танлови эканини айтди. Шунингдек, у оккултизм, шайтонизм ва сеҳргарлик хизматларини кескин танқид қилиб, бундай ҳолатлар одамларни чалғитиши ва жамиятга жиддий зарар етказишини таъкидлади.
Хулоса қилиб айтганда, Путиннинг бу галги чиқиши хавфсизликдан тортиб маънавиятгача бўлган кенг мавзуларни қамраб олди ва Россиянинг ички ҳамда ташқи сиёсатдаги позициясини яна бир бор очиқ намоён қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.