
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украина атрофидаги вазият юзасидан кескин ва шов-шувли баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, агар Украина давлат сифатида заифлашса ёки қуласа, бу нафақат минтақавий, балки тўғридан-тўғри Венгрия манфаатларига зарба бўлади.
Орбан фикрича, уруш Украинага куч бермаяпти, аксинча, уни иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий жиҳатдан издан чиқаряпти. Шу сабабли Будапешт учун энг тўғри йўл — қўшни давлатнинг барқарорлигини сақлаб қолиш.
«Агар Украина қуласа, бу Венгрия учун фалокатга айланади. Демак, бунга йўл қўймаслик — бизнинг миллий манфаатларимизга тўлиқ мос келади. Уруш ҳеч қачон давлатни мустаҳкамламайди, у фақат вайрон қилади», — деди Орбан.
Бош вазир Венгрия ҳозир ҳам Украинага жиддий амалий ёрдам кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина истеъмол қилаётган электр энергиясининг қарийб ярми — аниқроғи, 44 фоизи Венгрия ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, газ импортининг ҳам 58 фоизи айнан Венгрия орқали таъминланмоқда.
Орбаннинг бу баёноти Европа сиёсий майдонида турли баҳсларга сабаб бўлмоқда. Айримлар уни прагматик ёндашув деб баҳоласа, бошқалар Будапештнинг позициясида геосиёсий ҳисоб-китоблар устун эканини таъкидламоқда. Бироқ бир нарса аниқ: Венгрия Украина тақдирига бефарқ эмас ва бу масалада ўз манфаатларини очиқ айтишдан тортинмаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.