
АҚШ маъмурияти мамлакат ҳудудини ўз хоҳиши билан тарк этган ноқонуний муҳожирлар учун бериладиган молиявий рағбат миқдорини сезиларли даражада оширишга қарор қилди. Энди ихтиёрий равишда депортация йўлини танлаган хорижий фуқаролар 3000 долларгача мукофот олиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм расман маълум қилди.
Маълум қилинишича, мазкур дастур CBP Home мобил иловаси орқали амалга оширилади. Ушбу илова орқали йил якунига қадар ихтиёрий равишда мамлакатни тарк этиш учун рўйхатдан ўтган муҳожирларга ватанига бепул авиачипта тақдим этилади. Шу билан бирга, уларга 3000 доллар миқдорида бир марталик молиявий бонус ҳам берилади.
Яна бир муҳим жиҳат — CBP Home орқали рўйхатдан ўтиш олдин белгилаб қўйилган маъмурий жарималарни автоматик равишда бекор қилади. Бу эса кўплаб муҳожирлар учун қонуний оқибатларсиз мамлакатни тарк этиш имконини яратади.
Кристи Ноэмнинг таъкидлашича, 2025 йил январ ойидан буён 1,9 миллион нафар ноқонуний муҳожир АҚШни ихтиёрий равишда тарк этган. Шу давр мобайнида ўн минглаб шахслар CBP Home дастуридан фойдаланган. Янги йил байрами арафасида эса ҳукумат солиқ тўловчилар манфаатини инобатга олган ҳолда рағбат суммасини уч баробарга оширишга қарор қилди. Бироқ ушбу таклиф фақат йил охирига қадар амал қилади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир нафар ноқонуний мигрантни аниқлаш, ҳибсга олиш ва мажбурий равишда депортация қилиш давлат бюджетига ўртача 17 минг долларга тушади. Шу боисдан ҳам «ўз хоҳиши билан кетиш» механизми иқтисодий жиҳатдан анча самарали ва тежамкор ечим сифатида баҳоланмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур ёндашув орқали АҚШ маъмурияти ҳам бюджет харажатларини қисқартириш, ҳам миграция масаласида юмшоқ, бироқ мантиқий сиёсат олиб боришни мақсад қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.