
Хитойда ҳайдовчи круиз-назорат тизимидаги жиддий носозлик туфайли ўз автомобилининг гўё “асирига” айланди. Машина соатига 115 километр тезликда деярли тўхтовсиз ҳаракатланиб, 490 километр масофани босиб ўтди ва ҳайдовчи уни тўрт соат давомида тўхтата олмади. Тормоз тизими тезликни пасайтиришга қаратилган барча уринишларга жавоб бермаган. Бу ҳақда Shine нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса Ланьчжоу – Хайкоу тезкор автомагистралида рўй берган. Йўл патруль хизмати носоз транспорт воситасини кузатиб бориб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлни қисман бўшатган. Автомобиль фақат ёнилғи тўлиқ тугагандан кейингина тўхтаган.
Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у тормозни босиш, узатмани нейтрал ҳолатга ўтказиш, қўл тормозидан фойдаланиш ҳамда круиз-назоратни ўчиришга бир неча бор уриниб кўрган, аммо барча ҳаракатлар самара бермаган. Натижада у соатлаб юқори тезликда ҳаракатланаётган машина ичида қолиб кетган.
Воқеадан сўнг ҳайдовчи автомобиль ишлаб чиқарувчиси билан келишувга эришилганини маълум қилди. Компания номи ошкор этилмаган, аммо унга машина учун тўланган маблағ тўлиқ қайтарилиши ва қўшимча молиявий компенсация берилиши тасдиқланган.
Қисқаси, бу ҳолат замонавий технологиялар қанчалик қулай бўлмасин, техник носозлик инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини яна бир бор эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.