date

Трамп Путин резиденциясига “ҳужум” ҳақидаги гаплардан шокка тушгани маълум бўлди

Трамп Путин резиденциясига “ҳужум” ҳақидаги гаплардан шокка тушгани маълум бўлди

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт 29 декабр куни X ижтимоий тармоғида АҚШ ва Россия президентлари — Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида Украинадаги урушни тўхтатиш масаласи юзасидан “ижобий руҳда” телефон суҳбати бўлиб ўтганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мулоқотда тинчликка олиб борувчи эҳтимолий қадамлар муҳокама қилинган.

Бу маълумотни РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Трамп 28 декабр куни Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида Володимир Зеленский билан ўтказилган учрашув натижалари ҳақида Путинни хабардор қилган. Суҳбат чоғида АҚШ томони Украина билан музокаралар муҳити ва олинган сигналлар ҳақида ахборот берган.

Ушаков айтишича, Путин эса жавобан Трампга Новгород вилоятида жойлашган давлат резиденциясига Украина томонидан гўёки дронлар орқали ҳужум уюштиришга уриниш ҳақида маълум қилган. Бу даъволарни аввалроқ РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам тилга олган эди. Кремл расмийларига кўра, ушбу “ҳужумга уриниш” Мар-а-Лаго музокараларидан кейин содир бўлган.

Россия раҳбари бу воқеа жавобсиз қолмаслигини, шу фон орқали Украина бўйича музокараларда Москва позицияси қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, Россия томони АҚШ билан мулоқотдан бутунлай чиқиш ниятида эмаслигини ҳам таъкидлаган.

Юрий Ушаковнинг билдиришича, Трамп Путин қароргоҳига дронлар билан ҳужум қилингани ҳақидаги хабарни эшитиб, жиддий ҳайратга тушган ва ғазабини яширмаган. Суҳбат давомида у Оқ уй Киевга “Томагавк” ракеталарини бермаганини ҳам алоҳида қайд этгани айтилмоқда. Аммо бу гаплар ҳозирча Оқ уй томонидан расман тасдиқлангани йўқ.

Лавров эса 29 декабр кечқурун Украина Новгород вилоятидаги резиденцияга 91 та дрон билан ҳужум қилишга уринганини, уларнинг барчаси йўқ қилинганини маълум қилди. У бу ҳолат Россиянинг музокаралардаги ёндашувига таъсир қилиши мумкинлигини айтган бўлса-да, АҚШ билан алоқалар узилмаслигини таъкидлади.

Бунга жавобан Зеленский ушбу баёнотларни “навбатдаги ёлғон” деб атади. Унинг фикрича, Москва бундай иддаолар орқали Киев ва Вашингтон ўртасидаги тинчлик йўлидаги илгарилашни издан чиқаришга уринаётган бўлиши мумкин. Зеленский Россия Киевдаги давлат идораларига зарба бериш учун ахборот замини яратаётганидан огоҳлантириб, Трампни Москва таҳдидларига қатъий жавоб беришга чақирди.

Шу куни Украина президенти АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари Рустем Умеров маълум қилди. Унинг айтишича, томонлар кейинги алоқалар, навбатдаги қадамлар ва ҳужжатлар устидаги ишларни мувофиқлаштиришда давом этмоқда.

Шу тариқа, охирги телефон мулоқотлари Украина атрофидаги геосиёсий ўйин янада мураккаб ва кескин босқичга кирганини кўрсатмоқда. Тинчликка олиб борадиган йўл ҳали ҳам мавҳум, аммо дипломатик алоқалар тўхтаб қолмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп Путин резиденциясига “ҳужум” ҳақидаги гаплардан шокка тушгани маълум бўлди