
Токиода 2026 йил март ойида “Hidden in Tokyo” номли ғаройиб форматдаги дўкон яна фаолиятини бошлайди. Ушбу лойиҳа харидорларга мутлақо одатдан ташқари тажриба — маҳсулотларни “қонуний равишда ўғирлаб кетиш” имкониятини тақдим этади.
Бу ўзига хос тажрибада иштирок этиш учун қатнашчилар атиги 1 минг иена, яъни тахминан 7 АҚШ доллари тўлайди. Ушбу маблағ эвазига харидорлар дўкон ичидаги исталган маҳсулотни унинг нархи ёки сонидан қатъи назар олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо бунда ягона, лекин жуда қатъий талаб мавжуд: дўкон ҳудудида мутлақ сукут сақланиши шарт.
Дўкон ичи махсус ўта сезгир микрофонлар билан жиҳозланган бўлиб, улар энг майда товушларни ҳам илғай олади. Қадам товуши, қадоқнинг шитирлаши, буюмларни силжитиш ёки ҳатто қаттиқ нафас олиш ҳам тизим томонидан қайд этилади. Агар микрофонлар қандайдир товушни аниқласа, синов шу заҳоти тўхтатилади ва иштирокчи олган барча маҳсулотларни ўз жойига қайтаришига тўғри келади.
Шунингдек, иштирокчилар фақат ўз қўли билан кўтара оладиган ёки бевосита яқинида олиб чиқиши мумкин бўлган буюмларни танлаши мумкин. Катта ҳажмли ёки оғир маҳсулотларни чиқариб кетишга рухсат берилмайди.
Мазкур лойиҳа ўтган йили илк бор ўтказилганида кутилганидан ҳам катта қизиқиш уйғотган. Харидорлар ўз диққат-эътибори ва эпчиллигини синаб кўриш учун соатлаб навбат кутишган. Ташкилотчилар бу тажрибани муваффақиятли деб баҳолаб, уни яна такрорлашга қарор қилди.
Маълум қилинишича, “Hidden in Tokyo” дўкони 2026 йилнинг 13–16 март кунлари оралиғида ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади. Бу гал ҳам дўкон Токионинг энг қизиқ ва муҳокамали манзилларидан бирига айланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.