
АҚШ президенти Доналд Трамп Сомалини дунёдаги энг муаммоли ва коррупцияга ботган давлатлардан бири, дея баҳолаб, сомалилик муҳожирларни ўз ватанига қайтариш зарурлигини билдирди. У бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШнинг Миннесота штатида содир этилаётган молиявий фирибгарликларнинг жуда катта қисми — тахминан 90 фоизи — мамлакатга Сомалидан ноқонуний йўл билан кирган шахслар ҳиссасига тўғри келади.
«Уларни қаердан келган бўлса, ўша жойга — Сомалига қайтариш керак. Бу, эҳтимол, Ер юзидаги энг ёмон ва энг коррупциялашган мамлакатдир», — деб ёзди АҚШ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Трамп илк президентлик даврида айрим давлатлар, жумладан, Сомали фуқароларининг АҚШга киришини чеклаш бўйича қарор қабул қилган эди. Кейинчалик Жо Байден ушбу чекловларни бекор қилди. Бироқ Трамп иккинчи муддатида яна мазкур тақиқни тиклаб, рўйхатга бошқа мамлакатларни ҳам қўшди.
Шунингдек, АҚШ сўнгги йилларда Сомали ҳудудида ИШИД билан боғлиқ қуролланган гуруҳларга қарши бир неча бор ҳаво зарбалари амалга оширгани ҳам маълум қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.