Венесуэла масаласида АҚШни нефть қизиқтиряпти, кокаин эмас

АҚШнинг Венесуэлада олиб бораётган ҳаракатлари расмий равишда наркотрафикка қарши кураш сифатида изоҳланса-да, аслида бу жараён ортида мутлақо бошқа манфаатлар ётгани айтилмоқда. Мутахассислар фикрича, Вашингтон учун асосий мақсад — наркотиклар эмас, балки Венесуэланинг бой нефть захиралари ва Ғарбий яримшарда ўз таъсирини мустаҳкамлашдир.
Уорик университети профессори, наркотрафикнинг жаҳон тарихи мавзусидаги китоб муаллифи Бенжамин Смит ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлайди. Унинг таъкидлашича, АҚШ томонидан Венесуэлага нисбатан олиб борилаётган операциялар наркотиклар савдосига қарши курашдан кўра, геосиёсий ва иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ.
Шу билан бирга, профессор Венесуэла президенти Николас Мадуронинг наркотрафикка алоқадорлиги ҳақида илгари сурилаётган айбловларга ҳам шубҳа билан қарайди. Унинг фикрича, бу даъволар кўпроқ сиёсий босим воситаси сифатида қўлланилаётган бўлиши мумкин.
Мутахассис хулосасига кўра, Венесуэла атрофидаги вазиятни фақат наркотрафик масаласи билан изоҳлаш бирёқлама ёндашув бўлиб, воқеликда нефть манфаатлари ва минтақада янги сиёсий тартиб ўрнатиш истаги ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!