АҚШ визаси учун мажбурий депозит талаб қилинадиган рўйхатга Марказий Осиёдан яна уч давлат киритилди

АҚШ президенти маъмурияти кириш визасига ариза топшираётган фуқаролардан пул депозити киритишни мажбурий қиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтирди. Давлат департаменти расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, рўйхатга яна 25 та мамлакат қўшилди ва янги талаблар 21-январдан кучга киради. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Янги тартибга асосан депозит талаби қуйидаги давлатлар фуқароларига татбиқ этилади: Жазоир, Ангола, Антигва ва Барбуда, Бангладеш, Бенин, Бурунди, Кабо-Верде, Кот-д’Ивуар, Куба, Жибути, Доминика, Фижи, Габон, Қирғизистон, Непал, Нигерия, Сенегал, Тожикистон, Того, Тонга, Тувалу, Уганда, Вануату, Венесуэла ва Зимбабве.
Виза учун мурожаат қилган шахсдан 5 минг доллардан 15 минг долларгача депозит ундирилади. Аниқ миқдор виза суҳбатидан кейин белгиланади. Давлат департаменти депозит тўланиши виза берилишига кафолат эмаслигини таъкидлади.
Тўланган маблағ виза рад этилган тақдирда қайтарилади. Шунингдек, АҚШга киргандан сўнг виза режими бўйича барча талаблар бажарилган бўлса ҳам депозит қайтарилиши назарда тутилган.
Сўнгги ўзгаришлардан кейин мазкур рўйхатдаги давлатлар сони 38 тага етди. Аввалроқ ушбу рўйхатга Туркманистон ҳам киритилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!