Волфганг Ишингер: Россия билан музокаралар ҳозирча маънога эга эмас

Мюнхен хавфсизлик конференциясининг раиси вазифасини вақтинча бажараётган Волфганг Ишингер 9 январь куни, Reuters агентлигига берган интервьюсида Европа ва Россия ўртасидаги музокараларнинг ҳозирги пайтда маъносиз эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг юқори лавозимли сиёсатчилари бир неча маротаба Европани “АҚШнинг шунчаки вассаллари” деб атаган, шунинг учун ҳозирда Европа давлатларига Россия билан тўғридан тўғри музокара олиб боришни таклиф қилиш маъқул эмас.
Ишингер 2026 йилнинг 13-15 феврал кунлари бўлиб ўтадиган Мюнхен хавфсизлик конференциясига Россия вакилларини таклиф қилишни рад этган. Унинг айтишича, Россиянинг ҳозирги ҳукумати вакилларини конференцияда кўришнинг аҳамияти йўқ, чунки улар барибир қарсаклар билан эмас, балки қарши позиция билан кутиб олинишади.
Шу билан бирга, Ишингер келажакда Россия билан музокаралар учун имкониятлар пайдо бўлишига умид қилган. Унинг фикрича, Германия ёки Европа давлатлари билан Россия ўртасидаги мазмунли ва самарали музокаралар қайтадан бошланса, бу Мюнхен хавфсизлик конференциясига Россия вакилларини таклиф қилиш учун йўл очиши мумкин.
Ишингер, шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макроннинг Путин билан тўғридан тўғри музокара ўтказиш таклифини ҳам шубҳа билан қабул қилди. Бироқ, у Европа ва Россия ўртасидаги алоқаларни яхшилаш имкониятлари борлигини тан олади.
Мюнхен хавфсизлик конференциясининг янги раиси, НАТО собиқ бош котиби Йенс Столтенберг бўлади. Аммо 2026 йилгача форумга Волфганг Ишингер раҳбарлик қилади, у 2008-2022 йилларда конференцияни бошқарган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!