Соловёв Россия постсовет ҳудудида СВО ўтказиш кераклиги ҳақида гапирди

Россиялик машҳур пропагандачи Владимир Соловёв «Соловьёв LIVE» муаллифлик дастури эфирида чиқиш қилиб, Москва Украинадан ташқари постсовет маконидаги бошқа давлатларда ҳам «махсус ҳарбий операция» (СВО) ўтказиши мумкинлигини очиқ-ойдин тилга олди. Ушбу баёнот МДҲ мамлакатларида яна бир бор жиддий хавотир уйғотди.
Эфир давомида Соловёв АҚШнинг Гренландия ва Венесуэлага нисбатан позициясини мисол қилиб келтирди. Унинг таъкидлашича, Америка халқаро қоидаларни четга суриб, ўз манфаатларини биринчи ўринга қўймоқда. Пропагандачи буни қуйидагича ифодалади: гўёки АҚШ «бу меники» деган тамойил билан ҳаракат қилмоқда ва халқаро келишувларга эътибор бермаяпти.
«Дунё ўзи учун аниқ белгилаб олди. Америка шундай демоқда: «Бу меники ва мен барча қонунларга тупураман. Европанинг эртакларига тупураман, менга Гренландия керак – уни оламан. Мен барча келишувларингизга тупураман, менга Венесуэла керак – уни оламан», – деган пропагандачи.
Шундан сўнг у Россия сиёсати билан параллел ўтказиб, «таъсир ҳудудлари» мавзусини муҳокама қилди. Соловёвнинг фикрича, ҳозир Москва учун Сурия ёки Венесуэладан кўра Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари анча муҳим ҳисобланади. У айниқса Арманистонни йўқотиш Россия учун улкан муаммо бўлишини таъкидлади.
«Биз ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз керак. Аммо биз учун энг асосийси – ўзимизга яқин хориж мамлакатлари. Арманистондаги воқеалар биз учун Венесуэладаги воқеалардан кўра анча оғриқли. Арманистондан айрилиш – биз учун улкан муаммо.», – деди пропагандачи.
Пропагандачи Марказий Осиёдаги вазиятни ҳам алоҳида тилга олиб, ушбу минтақа Россия миллий хавфсизлиги учун катта аҳамиятга эга эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Москва ўз мақсад ва вазифаларини очиқ белгилаб олиши, «ўйинлар тугагани»ни ошкора эълон қилиши керак.
"Бизнинг Осиё, Ўрта Осиё, улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар – Россия учун улкан муаммо бўлиши мумкин. Ва биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз керак. Шуни очиқ айтиш керак: «Ўйинлар тугади»", – деди пропагандачи.
Соловёв халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартиб масаласида ҳам кескин фикр билдирди. У Украинада «СВО» бошланган бўлса, айнан шу мантиқ асосида Россия ўз таъсир доираси деб ҳисоблаган бошқа ҳудудларда ҳам шундай ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлигини илгари сурди. Шунингдек, у Россия миллий доктринасини очиқ ифода этиш вақти келганини таъкидлади.
«Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупурдик. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида «СВО» (Россия расмийлари Украинадаги урушни махсус ҳарбий амалиёт деб атайди) бошлашимиз керак бўлган бўлса, нега айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарида ҳам «СВО» бошлай олмас эканмиз?
Балки миллий доктринамизни аниқ ифодалаб олиш керакдир? Ва бизнинг таъсир доирамиз қаерда эканини очиқ айтишимиз лозим. Шунда ҳаммаси ойдинлашади. Ҳаммаси…», – деган пропагандачи.», – деди пропагандачи.
Қайд этиш жоизки, Владимир Соловёв Россиядаги энг агрессив пропагандачилардан бири сифатида танилган. У аввал ҳам кескин чиқишлари билан МДҲ давлатлари жамоатчилигида катта норозиликларга сабаб бўлган. Бу галги баёнотлари эса Ўзбекистон ва Қозоғистонда айниқса салбий муносабат билан қарши олинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!