date

Эрон Россияга миллиардлаб долларлик ракеталар етказган — Bloomberg

Эрон Россияга миллиардлаб долларлик ракеталар етказган — Bloomberg

Bloomberg агентлигининг 12 январь куни хавфсизлик соҳасидаги ғарблик экспертларга таянган ҳолда хабар беришича, Эрон Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш мақсадида Россияга қарийб 3 миллиард долларлик ракета ва бошқа ҳарбий ускуналар сотган. Мутахассислар баҳосига кўра, Москва билан тузилган шартномалар ҳажми 2021 йил октябридан — Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланишидан олдиноқ — тахминан 2,7 миллиард долларга етган.

Манбаларга кўра, харидлар рўйхатига Fath-360 туридаги қисқа масофали юзлаб баллистик ракеталар, шунингдек, яна қарийб 500 та бошқа қисқа масофали баллистик ракета ҳамда ҳаво мудофаа тизимлари учун мўлжалланган 200 га яқин зенит ракеталари киритилган.

Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳарбий яқинлашув 2022 йил февралда Россиянинг Украинага қуролли ҳужуми ортидан кескинлашган. Уруш Россияга қарши кенг кўламли санкцияларни келтириб чиқарди ва бу жараён Совуқ уруш давридан бери Россия—Ғарб муносабатларидаги энг жиддий инқирозлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Bloomberg таъкидлашича, айнан Эрон қуролларининг етказиб берилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаган.

Ғарблик экспертлар маълум қилишича, Эрон Россияга миллионлаб патронлар ҳамда артиллерия снарядларини ҳам етказиб берган. Шу билан бирга, бу рақамлар барча харидларни қамраб олмаслиги, келгусида қўшимча етказиб беришлар бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилмоқда.

Бундан ташқари, Теҳрон Россияга Shahed-136 зарбали учувчисиз аппаратларини, шунингдек, уларни Россия ҳудудида “Герань-2” номи остида ишлаб чиқариш имконини берувчи технологияларни ҳам тақдим этган. Бу ҳамкорлик 2023 йил бошида имзоланган 1,75 миллиард долларлик шартнома доирасида амалга оширилган.

Манбалар баҳосига кўра, умумий ҳисобда Россия 2021 йил охиридан буён Эрон ҳарбий маҳсулотларини харид қилиш учун 4 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Таъкидланишича, Москва ва Теҳрон ўртасидаги яқинлик 2010 йилларданоқ, Ғарб санкциялари ва Эрон ядровий дастури атрофидаги босимлар фонида шакллана бошлаган.

2025 йил январь ойида икки давлат стратегик шериклик тўғрисида келишув имзолаган, аммо унда ўзаро мудофаа мажбуриятлари назарда тутилмаган. Шу билан бирга, манбаларга кўра, Россия ўтган йили Эрон ҳудудига берилган Исроил ва АҚШ зарбалари пайтида Теҳронга жиддий ёрдам кўрсатмаган.

Айни дамда эса Москва ва Теҳрон Эрон орқали Ҳиндистонгача бўлган савдо йўлагини ривожлантириш, шунингдек, санкциялар таъсирини юмшатиш учун молия ва банк соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Bloomberg сўровларига Россия Мудофаа вазирлиги ҳам, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий жавоб бермаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Эрон Россияга миллиардлаб долларлик ракеталар етказган — Bloomberg