Мария Захарова: Соловёвнинг баёнотлари Кремлнинг расмий позицияси эмас

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова телебошловчи Владимир Соловёвнинг ташқи сиёсатга оид чиқишлари Россия Федерациясининг расмий позицияси сифатида қабул қилинмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, бундай гаплар — муайян журналистнинг шахсий мулоҳазаси бўлиб, давлатнинг расмий йўналишини ифодаламайди.
Брифинг жараёнида журналист Захаровага Соловёвнинг Венесуэла ва Сурия масалалари Арманистон ҳамда Марказий Осиёга нисбатан “иккинчи даражали” экани ҳақидаги гапларини эслатди. Савол шундай қўйилди: ушбу баёнотларни Москва расмий позициясига мос, деб ҳисоблаш мумкинми?
Захарова эса бу масалага аниқ чегара қўйди: Соловёвнинг айтганлари хусусий фикр экани, у ҳам шахсий медиа майдонида билдирилгани қайд этилди. Шунингдек, у иқтибосларни ўқиганини, аммо контекстдан узиб олинган ибораларга таянмаганини айтди ва бундай фикрларга баҳо бериш унинг вазифаси эмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Соловёв ўз дастурларидан бирида Арманистон ва Марказий Осиёга нисбатан эҳтимолий ҳарбий амалиёт мавзусини тилга олган, Украина уруши мисолида турли сценарийларни қиёс қилган эди. Захарованинг бугунги муносабати эса шунга ишора: телевидениедаги қаттиқ баёнотлар — расмий дипломатия тили билан автоматик равишда тенглаштирилмайди.
Хулоса оддий: эфир — эфир, давлат позицияси эса ҳужжат ва расмий баёнотлар билан ўлчанади. Қолгани — ким нима деди, деган шовқин, холос.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!