date

Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га Тўқаев расман таклиф этилди

Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га Тўқаев расман таклиф этилди

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз ташаббуси билан шакллантирилаётган янги халқаро тузилма — «Тинчлик кенгаши» (Board of Peace)га Қозоғистон ва президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг ёрдамчиси ва матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тўқаев жаҳон етакчилари орасида илклардан бўлиб ушбу кенгашга аъзо бўлиш бўйича расмий таклиф олган. Шунингдек, Қозоғистон таъсисчи давлатлардан бири сифатида кўрилаётгани таъкидланган. Жавоб тариқасида Қозоғистон раҳбари АҚШ президентига самимий миннатдорлик билдириб, янги уюшма таркибига киришга розилик билдирилган мактуб йўллаган.

Манбаларда келтирилишича, кенгашга Трампнинг ўзи раислик қилади, аъзоликка кимлар таклиф этилиши ҳам асосан унинг ихтиёрида бўлади. Таклиф этилган давлатлар уч йилгача аъзо бўлиб туриши мумкин. Бироқ муҳим шарт ҳам бор: агар давлат биринчи йил ичида кенгаш жамғармасига 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритса, унга доимий аъзолик кафолатланади.

Қизиғи, кенгашга кириш расман бепул деб кўрсатилган. Аммо катта молиявий ҳисса қўшган давлатлар амалда чекловларсиз, узоқ муддатли — яъни доимий мақомга эга бўлиши айтилмоқда. Йиғиладиган маблағлар эса асосан Ғазо сектори инфратузилмасини тиклашга йўналтирилиши режалаштирилган. Манбада қайд этилишича, сарф-харажатлар бўйича назорат қаттиқ бўлади ва “деярли ҳар бир доллар” мақсадли ишлатилиши кузатиб борилади.

Уставга мувофиқ, кенгаш қарорлари «бир давлат — бир овоз» тамойили асосида қабул қилинади. Лекин барча қарорларнинг якуний тасдиғи раис томонидан амалга оширилиши белгиланган. Яъни, овоз бериш бор, аммо “охирги нуқта”ни барибир раис қўяди — шу нуқта кенгашнинг энг кўп муҳокама қилинадиган механизмига айланиши мумкин.

Маълум қилинишича, Трамп Ғазо бўйича тинчлик кенгашини таъсис этиш мақсадида бир қатор давлат раҳбарларига таклиф юборган. Аргентина, Венгрия, Туркия, Покистон, Миср, Иордания, Қатар ва Италия таклиф олганини тасдиқлаган ва уни қабул қилишга розилик билдирган. Шунингдек, Франция, Германия ва БАА етакчиларига ҳам таклиф юборилгани айтилмоқда, аммо ҳозирча улардан расмий тасдиқ келмаган.

Қисқаси, янги тузилма катта мақсадлар ва катта маблағлар билан бошланяпти. Энди энг асосий савол — бу формат ҳақиқатан ҳам тинчликка хизмат қиладими ёки “номига тинчлик”, амалда эса геосиёсий тортишувлар майдонига айланадими. Вақт ҳаммасини жой-жойига қўяди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га Тўқаев расман таклиф этилди