Германия: Россия Украинага қарши “совуқ қуроли”ни ишга солмоқда

Берлин Россия ҳукуматига нисбатан қаттиқ баёнот берди. Германия ҳукумати расмий вакилининг ўринбосари Штеффен Майер 2026 йил 21 январь куни Берлиндаги матбуот анжуманида Россия Украина энергетика тизимига доимий зарбалар бериб, “совуқни қурол сифатида ишлатяпти”, дея таъкидлади ва бу ҳолатни ҳарбий жиноятлар билан боғлади.
Майернинг сўзларига кўра, қарийб тўрт йилга яқин давом этаётган тўлиқ кўламли урушнинг мантиғи Украинани заифлаштириш, ҳолдан тойдириш ва аҳолини ҳар куни омон қолиш курашига мажбур қилишга қаратилган. Германия томони “давом этаётган оммавий ҳаво зарбалари”ни энг кескин шаклда қоралаганини ҳам алоҳида қайд этди.
Киевда вазият оғирлашгани айтилмоқда
Украина томони ва халқаро манбалар охирги ҳафталарда энергетика объектларига уюштирилаётган ҳужумлар оқибатида пойтахт Киевда таъминот муаммолари кескинлашганини ёзмоқда. Reuters хабарига кўра, зарбалардан кейин Киевда деярли 60 фоиз ҳудудда электр таъминоти издан чиққан, 4 мингдан зиёд бино иситишсиз қолган.
Шу билан бирга, Reuters Украина буни уруш бошланганидан буёнги энг “қаттиқ” қишлардан бири шароитида бошдан кечираётганини, энергия ва иситиш тизимига берилган зарбалар аҳолининг кундалик ҳаётини оғирлаштираётганини қайд этган.
“Шаҳардан чиқиб кетинг” чақириқлари
Киев раҳбарияти бир неча кун олдин аҳолини имкони борича шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга чақиргани, Киев мэри Виталий Кличко эса AFP’га берган интервьюсида январ ойи давомида пойтахтни 600 минг киши тарк этганини айтгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.
Берлиннинг позицияси нимани англатади
Германия баёнотидаги асосий урғу — ҳужумлар ҳарбий мақсадлар билан чекланиб қолмаётгани, фуқаролик инфратузилмасига таъсир қилиб, одамларни қоронғу уйларда, иситиш ва иссиқ сувсиз қолдириши ҳақида. Берлин бундай усулни “ғайриинсоний” деб атаб, халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан кескин баҳолади.
Ҳозирги манзара шундай: қишнинг совуғи одатда табиат синови бўлади, лекин энергияга зарбалар давом этса, у аллақачон геосиёсий босим воситасига айланиб кетади. Ва бу ҳолатда энг катта юк, ҳар доимгидек, оддий одамларнинг елкасига тушяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!