date

Трамп вакиллари Кремлда Путин билан урушни тўхтатишни муҳокама қилди

Трамп вакиллари Кремлда Путин билан урушни тўхтатишни муҳокама қилди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг вакиллари — махсус элчи Стив Уиткофф, Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Жош Грюнбаум ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер 22 январ куни Кремлда ёпиқ эшиклар ортида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Учрашувда Россия томонидан Украинага қарши бошланган урушни тўхтатиш бўйича навбатдаги марта ечим йўллари муҳокама қилинди.

Кушнер 2017 йил январидан 2021 йил январигача Трампнинг катта маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Ҳозир у АҚШ маъмуриятида расмий мақомга эга эмас, бироқ қайнотасига таъсирини сақлаб қолгани ва Оқ уйнинг дипломатик ҳамда сиёсий ташаббусларида иштирок этиши қайд этилмоқда.

Грюнбаум музокараларда илк бор қатнашди

Жош Грюнбаум АҚШ Умумий хизматлар маъмурияти таркибидаги Федерал харидлар хизмати комиссари ҳисобланади. Шунингдек, у Трамп томонидан яқинда ташкил этилган “Тинчлик кенгаши”нинг катта маслаҳатчиси этиб тайинланган. Мазкур музокараларда у биринчи марта қатнашгани таъкидланди.

Суҳбат 3 ярим соатдан ортиқ давом этган

Кремл матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот 3 ярим соатдан кўпроқ вақтга чўзилган. Россия томонидан учрашувда Владимир Путиндан ташқари унинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда Россия президентининг махсус вакили, Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев иштирок этган.

Кутилишича, музокаралар якунлари бўйича Юрий Ушаков оммавий ахборот воситалари учун телефон орқали брифинг ўтказади.

Олдинги учрашув натижаси катта бурилиш бермаган

Уиткофф ва Путин ўртасидаги шунга ўхшаш аввалги учрашув 2025 йил декабри бошларида бўлиб ўтган. Ўшанда музокаралар беш соат давом этган, аммо сезиларли ютуқ келтирмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

“Тинчлик кенгаши” ва музлатилган активлар масаласи ҳам кун тартибида

ТАСС агентлиги Путиннинг учрашув арафасидаги баёнотларига таяниб, томонлар бошқа масалалар қатори Трамп Фаластин—Исроил ва бошқа можароларни ҳал этиш учун ташкил этган “Тинчлик кенгаши”га Россияни таклиф қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаштирганини хабар қилди. Шу билан бирга, АҚШ ҳудудида музлатилган Россия активларининг тақдири ҳақида ҳам сўз юритилиши мумкинлиги айтилди.

21 январ куни Путин мазкур активлардан “Тинчлик кенгаши”га 1 миллиард доллар йўналтириш, қолган қисмини эса Россиянинг Украинага қарши уруши давомида зарар кўрган ҳудудларни тиклашга ажратиш мумкинлигини билдирган. Аммо гап Киев назоратидаги ҳудудлар ҳақида кетяптими ёки Россия томонидан назоратга олинган ҳудудлар ҳақидами — бу жиҳат аниқлаштирилмаган.

Абу-Дабидаги навбатдаги босқич кутилмоқда

Кутилишича, Украинада тинчликка оид келишув юзасидан навбатдаги муҳокамалар 23 январ куни Абу-Дабида давом этади. Узоқ вақтдан бери биринчи марта у ерда Москва ва Киев вакиллари бевосита учрашиши айтилмоқда. АҚШ эса воситачи сифатида жараёнда иштирок этиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп вакиллари Кремлда Путин билан урушни тўхтатишни муҳокама қилди