Абу-Дабидаги уч томонлама музокаранинг биринчи босқичи якунланди

БАА пойтахти Абу-Дабида АҚШнинг Украинадаги урушни тўхтатиш режаси доирасида Украина, Россия ва АҚШ вакиллари иштирокидаги тўғридан тўғри мулоқотнинг биринчи босқичи якунига етди. Украина президенти маъмурияти 23 январь кечқурун “бугунга музокаралар тугади” дея маълум қилди.
Украина томонидан бош музокарачи сифатида тилга олинаётган Рустем Умеров X платформасида бу учрашувда асосий эътибор урушга нуқта қўйиши мумкин бўлган “белгиловчи омиллар”га қаратилганини, шунингдек, кейинги музокаралар қандай тартиб ва мантиқда давом этиши ҳам муҳокама қилинганини билдирган.
Маълум қилинишича, қўшимча учрашувлар 24 январ кунига режалаштирилган. Бу форматдаги маслаҳатлашувлар — Россия Украинага қарши кенг кўламли урушни бошлаганидан бери АҚШ тинчлик режаси атрофида ўтаётган илк уч томонлама тўғридан тўғри мулоқот сифатида қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, музокаралар арафасида Москва ўзининг энг қаттиқ шартларидан бирини яна бир бор такрорлади: Украина қўшинлари Донбасснинг бутун ҳудудидан, ҳатто аввал Россия назоратида бўлмаган қисмлардан ҳам чиқиб кетиши керак. Украина томони эса бу талабни кескин рад этиши таъкидланмоқда.
Энди асосий савол шу: 24 январдаги давомий учрашувлар “йўл харитаси”га яқинлаштирадими ёки ҳар томон ўз “қизил чизиқлари”да янада қаттиқроқ туриб оладими. Бир нарса аниқ — Абу-Даби майдонидаги ҳар бир навбатдаги раунд бутун минтақа ва дунё учун сигнал бўлиб ўтиши мумкин.