Киевда ҳужумлар оқибатида минглаб уйлар иссиқликсиз қолди

Киев шаҳри яна оғир тунни бошдан кечирди. Россия томонидан амалга оширилган навбатдаги оммавий зарбалар оқибатида пойтахтда 6 мингдан ортиқ турар жой иссиқлик таъминотисиз қолди. Бу ҳақда шаҳар мэри Виталий Кличко расман маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар натижасида Киевнинг муҳим инфратузилма объектлари жиддий зарар кўрган. Айниқса, иссиқлик ва коммунал тармоқларга уланган биноларда муаммолар яна кучайган.
«Пойтахтда қарийб 6 мингта уй яна иссиқликсиз қолди. Бу уйларнинг катта қисми 9 ва 20 январь кунлари содир бўлган ҳужумлардан кейин аллақачон икки марта уланган ёки қайта улашга уринилган эди», — дея ёзди Кличко.
Шу билан бирга, Киевнинг айниқса чап соҳил ҳудудларида сув таъминоти билан боғлиқ жиддий узилишлар ҳам кузатилмоқда. Мутахассислар авария ҳолатларини бартараф этиш учун тезкор ишлар олиб бормоқда, аммо вазият ҳали тўлиқ барқарорлашгани йўқ.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ушбу ҳужумларга муносабат билдириб, асосий нишон мамлакат энергетика тизими эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Киев ва Киев вилоятидан ташқари Суми, Харков ҳамда Чернигов вилоятлари ҳам оммавий зарбалар остида қолган.
«Харковда туғруқхона, кўчирилганлар яшаган ётоқхона, тиббиёт коллежи ва турар жой биноларига зарар етди. Ҳозиргача ўнлаб яраланганлар бор, улар орасида болалар ҳам мавжуд. Пойтахт ва унинг атрофида россияликлар учун асосий мақсад энергетика объектлари бўлди», — деб ёзди Зеленский Telegram каналида.
Мавжуд вазият Киев аҳолиси учун яна бир бор оғир синов бўлиб турибди. Совуқ кунларда иссиқлик ва сув таъминотидаги узилишлар аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият ва қутқарув хизматлари инфратузилмани тиклаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!