Россия эфиридаги баҳс: Марказий Осиёда саволлар кўпайтирди яна...

«Россия 1» телеканалидаги «Вечер с Владимиром Соловьёвым» кўрсатуви эфирида Марказий Осиё ва Кавказдаги суверен давлатлар ҳақида навбатдаги баҳсли мулоҳазалар янгради. Эфир меҳмони — политолог Сергей Михеев минтақа мамлакатларининг ташқи сиёсатига танқид йўналтириб, амалда уларнинг тенг ҳуқуқли шерик сифатида ҳаракат қилиш ҳаққини рад этадиган руҳда фикр билдиргани ҳақида хабар қилинди.
Муҳокама чоғида Михеев Россия узоқ йиллар давомида минтақани қўллаб-қувватлаб келганини, лекин бу ҳолат қўшни давлатларнинг “эркаланиб кетиши”га олиб келганини айтади. Унинг позициясига кўра, постсовет мамлакатлари бўйича сиёсатни қайта кўриб чиқиш керак.
Энг кўп баҳс уйғотган жиҳат — “Россия ҳаммага қарздор, лекин ҳеч ким Россияга қарздор эмас” деган мазмундаги қарашлар. Михеев буни “боши берк вазият” деб атаб, меҳнат миграцияси, кўрсатилаётган ёрдам ва бошқа масалаларни мисол келтирган ҳолда, “доим Россия қарздордек кўринаётгани”ни танқид қилади ва бу оҳангни Украинадаги воқеалар сабабларидан бири сифатида ҳам тилга олади.
Шундан кейин кўрсатув бошловчиси Владимир Соловьёв ҳам гапга қўшилиб, бу фикрни янада қаттиқроқ шаклда давом эттиргани, айрим ҳолатларда “элчини чақиртириш” каби реакциялардан норозилик билдиргани қайд этилмоқда.
Бу баҳслар фонидa Соловьёвнинг аввалроқ «Соловьёв Live» эфирида қилган янада кескин чиқишлари ҳам эслатилмоқда: у Марказий Осиёни Москва учун стратегик ҳудуд сифатида таърифлаган, “таъсир доираси” ҳақида гапирган ва Украина мисолидаги “махсус ҳарбий операция” мавзусини Арманистон ҳамда Марказий Осиёга нисбатан ҳам тилга олгани учун турли давлатлар ва жамоатчиликда кескин муносабатлар кузатилган.
Қисқаси, эфирда айтилган ҳар бир “фраза” бу ерда оддий гап эмас — у минтақадаги кайфиятга ҳам, муносабатларга ҳам таъсир қиладиган сигнал сифатида қабул қилинади. Шунинг учун ҳам бундай чиқишлардан кейин “энди бу мавзу қанчалик узоққа боради?” деган саволлар кўпайяпти. Мухлислар ва кузатувчилар учун хулоса оддий: суверенлик — қоғоздаги шиор эмас, ҳар куни ҳимоя қилинадиган позиция.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!