date

Абу-Дабида уч томонлама музокаралар бошланди: асосий мавзу ҳудудлар

Абу-Дабида уч томонлама музокаралар бошланди: асосий мавзу ҳудудлар

Абу-Дабида 4 февраль, чоршанба куни Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига барҳам бериш масаласига бағишланган Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг биринчи куни якунланди. Маълум қилинишича, маслаҳатлашувлар 5 февраль куни ҳам давом эттирилади.

Музокаралар ёпиқ форматда кечаётгани сабаб жамоатчиликка барча тафсилотлар очиқланмаяпти. Шунга қарамай, Axios нашри билан суҳбатлашган (исми айтилмаган) украиналик амалдор муҳокамаларни самарали, мазмунли кечди, деб баҳолаган.

Делегациялар таркиби ҳам диққатга сазовор. Россия томонидан учрашувларда делегацияга Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари адмирал Игор Костюков бошчилик қилмоқда. Украина делегацияси раҳбари сифатида МХМК котиби Рустем Умеров иштирок этяпти. АҚШ томонидан эса АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл музокаралар столида экани айтилмоқда.

Муҳокамаларнинг асосий “тугуни” эса ҳудудий масала бўлиб қолмоқда. Politico нашри украиналик ва америкалик амалдорларга таяниб, айнан ҳудудлар масаласи музокараларнинг марказий мавзуси эканини хабар қилган.

Эътиборли жиҳати, Абу-Дабида Москва ва Киев вакиллари АҚШ таклиф этган, Россиянинг Украинага қарши урушига нуқта қўйиш режаси юзасидан 23 ва 24 январ кунлари ҳам илк бор тўғридан тўғри мулоқот ўтказгани айтилмоқда. Музокараларга яқин манбалар маълумотларига кўра, томонлар айрим бандлар бўйича маълум даражада келишувга яқинлашган, аммо ҳудудлар бўйича муросага келолмаган.

Биринчи раунд якунларига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳал бўлмай қолаётган ягона масала Донбасс эканини тасдиқлагани қайд этилмоқда. Россия Донбассдан украин қўшинларини олиб чиқишни талаб қилмоқда, Киев эса бу талабни рад этмоқда.

Маълумот учун, Донбасс Украина ҳудудининг бир қисми ҳисобланади, бироқ унинг айрим ҳудудлари ҳозирда Россия қўшинлари назоратида. Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский ҳудудлар масаласи фақат Россия президенти Владимир Путин билан шахсий учрашувда ҳал қилиниши мумкинлигини айтган.

Қисқаси, Абу-Дабидаги музокаралар “сўнгги нуқта” эмас, балки катта сиёсий жараённинг янги босқичи сифатида кўрилмоқда. Биринчи кун “самарали” деб баҳоланган бўлса-да, асосий синов ҳали олдинда: ҳудудлар масаласида томонлар қанчалик яқинлаша олади — энди энг катта интрига шу.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Абу-Дабида уч томонлама музокаралар бошланди: асосий мавзу ҳудудлар