Бокуда Қорабоғнинг собиқ раҳбарлари умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳридаги ҳарбий суд Тоғли Қорабоғ (Арцах)нинг собиқ раҳбарлари ва бир қатор амалдорларига нисбатан ҳукм эълон қилди. Маҳаллий ОАВлар берган маълумотларга кўра, тан олинмаган тузилманинг собиқ “президенти” Арайик Арутюнян ҳамда яна бир нечта юқори лавозимдаги шахслар умрбод озодликдан маҳрум этилди.
Манбаларда қайд этилишича, умрбод жазо олганлар қаторида Левон Мнацаканян (армия қўмондони), Давид Манукян (армия қўмондони ўринбосари), Давид Ишханян (парламент раиси) ва Давид Бабаян (ТИВ раҳбари) ҳам бор. Суд жараёнида уларга тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар, терроризмга оид эпизодлар, шунингдек, бошқа қатор оғир айбловлар қўйилгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Тоғли Қорабоғнинг яна икки собиқ раҳбари Аркадий Гукасян ва Бако Саакян 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, Мадат Бабаян ва Меликсет Пашаян (19 йилдан), Гарик Мартиросян (18 йил), Давид Алавердян (16 йил), Василий Бегларян, Гурген Степанян ва Эрик Казарянга (15 йилдан) ҳам ҳукм чиқарилган.
Эътиборли жиҳати, айрим манбалар Рубен Варданян иши алоҳида иш юритувда кўриб чиқилаётганини таъкидламоқда.
Қисқаси, ҳукм — минтақа атрофидаги катта сиёсий-ҳуқуқий тортишувларни янада қиздириб юбориши турган гап. Шунинг учун бу мавзу яқин кунларда ҳам кун тартибидан тушмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!